Ўзбекистон | 12:35 / 29.01.2018
107727
3 дақиқада ўқилади

Татьяна Каримова Ислом Каримов билан қандай танишганини сўзлаб берди 

Фото: Facebook/IslamKarimovFoundation

Ислом Каримов фондининг Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан суҳбат эълон қилинди. Унда Татьяна Каримова Ислом Каримов билан қандай танишгани ҳақида айтиб берди.

“Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, муҳандислик-технология факультетининг охирги курсида ўқиган кезларим танишганмиз. Биринчи учрашувимиз уларнинг акалари Ибод Ғаниевичнинг уйида бўлган. Ибод Ғаниевичнинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг холаваччам эди. Мен талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшаванда инсон, боз устига, яхши суҳбатдош ҳам эдилар. 

Янги йил эшик қоқиб турган кунларнинг бирида опамникида ўтган навбатдаги меҳмондорчиликдан сўнг эндигина кетишга тараддуд кўриб турганимда бир йигит келиб қолди. Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эдилар. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Ўшанда опам йўлдан келган меҳмон қўлини ювиши учун кўзадан сув қуйиб беришимни сўрадилар. Кейин оила даврасида яна бир неча бор учрашдик. 

Кечагидек ёдимда, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафаси эди. Кўкламнинг хуш ифорга тўла илиқ ҳавоси. Шиғалаб ёғиб ўтган ёмғирдан кейин атроф-борлиқ тоза, мусаффо ва гўзал бўлиб кетган. Кўлмакларда осмон парчаси акс этар, кўнгиллар ёришиб, фараҳбахш ҳисларга лиммо-лим тўлган эди. Мен талабалар ётоқхонасида эдим. Иттифоқо мени биров сўраб келганини хабар қилишди. Келган инсон ким эканини тасаввур ҳам қила олмаганим рост. Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич эканлар.

Мени хиёбонда сайр қилишга таклиф этдилар. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб, гаплашиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат. Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда “Менга турмушга чиқасизми?” деб сўрадилар. Мен учун бу мутлақо кутилмаган ҳол эди. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак “ҳа” дея жавоб бериб бўлган эди. Кўнгил шубҳаю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг ички кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оҳанрабосини сезган бўлсам керак... Мен “ҳа” дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув...

Ислом Абдуғаниевич апрелда ота-онамдан қўлимни сўрагани Қувасойга бордилар. Тўйимиз май ойида дастлаб Самарқандда, кейинроқ Қувасойда бўлиб ўтди”.

Мавзуга оид