Жамият | 00:05 / 05.02.2018
153155
5 дақиқада ўқилади

Ҳоким барчасига нуқта қўя олмайди, унинг ҳақи йўқ

Мен кузатиб келган вазиятга дангал баҳо беришни истайман: Фарғона вилояти ҳокими узр сўраши керакми? Жавобни жуда тезлик ва топқирлик билан бермайлик, аввало, бунгача билдирилган мулоҳазаларга тўхталишни лозим топиб, бирма-бир таҳлилга киришайлик.

Ҳоким ким ўзи?

Ҳоким (араб тилидан олинган) энг биринчи навбатда, қарор қабул қилувчи, бошқарувчи, деган маъноларни англатади. Шунингдек, қадимий араб луғатларида ҳимояловчи, (мол-мулк) эгалик қилувчи кишилар ҳам ҳоким деб эътироф этилган. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ёзилишича, ҳоким қадим даврдан шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқлар устидан олий ҳукмдорнинг амрини ўтказиш учун белгилаб қўйилган амалдор. Кейинчалик бу ном билан собиқ Туркистон ўлкасидаги айрим шаҳар ёки музофотларда чор ҳукуматининг сиёсатини ўтказиб келган амалдорга нисбатан қўлланган.

Мустақил Ўзбекистоннинг илк йилларида барча нарсани ўз номи ва миллий қадриятлар уйғунлигида аташ бошланди. Шундай қилиб, вилоят, шаҳар ва туманларда биринчи раҳбарлик лавозимида ишлайдиган шахсни ҳоким, деб атадик. Аммо, бу демократик ривожланиш йўлидан юз буриб, феодал ҳокимиятга қайтишимизни англатмайди. Бу номни амалга қайтиши бир зўравон хоҳласа, ўқитувчини уриши, ҳокимлар истаса ҳазор-баҳазор сўкиш, халқни қадрсиз қилиши учун эмас.

Ҳоким кимлигини соддароқ қилиб айтганда, у - халқнинг хизматкори. Ҳоким - халқ тўлаган солиқ ва тўловлар ортидан маош олиб, ишга ёлланган ишчи. У халқ ишонч билдирган кишининг ҳудудлардаги ёрдамчиси, миллат етакчиси сифатида сайланган шахснинг сиёсатини жойларда таъминлаш учун кафил бўлувчи амалдор.

Амалда қандай бўляпти?

Сайхунобод тумани собиқ ҳокими Эгамбердиев муштумзўрлик қилгани учун лавозимидан озод этилди, Андижон шаҳар ҳоким Раҳматуллаев эса сўконғичлиги учун жазога тортилди. Энди Фарғона вилояти ҳокими Ғаниев ўз вилоятдошларидан айримларини сўкди. У энди тошлоқликларни «ҳароми» деб таҳқирлаб, ҳажга юбормаслигини айтиб дўқ қилиши, ажратилган ёрдам пулини миннат қилгани учун узр сўраши керакмасми?

Маҳаллий «оқловчи журналистлар» унинг қаттиқўл ва тартибли раҳбар эканини минг бор таъкидлагани билан масаланинг аниқ моҳияти қуйидагича: у ҳар бир ҳаракати ва сўзи учун халқ олдида жавобгар. «Оқ тепа лаваш» билан юз берган ҳолат эсингиздан чиқиб улгурмаган бўлса, бошқарувчининг оқилона қарорини олқишлайман. Негаки, вақтида аниқланган камчиликни ўз номи билан атаган иш бошқарувчи хатони тан олди, эндиликда бундай вазиятга тушмаслик учун қаттиқ тиришиб ишлашини бош эгиб билдирди. Офарин! Гап шундаки, «Оқ тепа лаваш» учун харидор пошшо, ҳоким учун халқ «​ялангоёқ»​ми?

Нега давлат ва халқ бир кемада эмас?

Дўппини ечингда, бир четга қўйиб, жавоб беринг: нега давлат ва халқ ўртасида кўринмас парда пайдо бўлган? Нега улар бир кемада эмас? Масалан, мен бозорга отланган аёлнинг хурсандчилигини юзидан сезаман, аммо давлат идорасига иши тушган киши эса афти бужмайиб эшикдан чиқиб келади. Ахир, шу биноларда ҳам биздек «​қора»​ халқ вакиллари ишлайди, улар ҳам бизнинг ака-ука, опа-сингилларимизку.

Аслида, давлат хизматчиси ваколатини ўз бурчидан устун қўйиши ҳаддан ташқари кўпайиб кетди. Унинг битта имзоси катта кучга эгалиги унга қўшимча «қанот» бахшида этиб, сўзини қудратли қилиб қўйди. Бир тарафдан коорпоратив манфаатлар идоралараро масъулиятни сусайтириб, назорат ва тафтишни ҳам кучсизлантирди. Халқ буни ич-ичида сезади, лекин гапиришдан фойда қолмаганини биларди. 

Сўнгги йилда омманинг қалбида яна умид шамчироғи ёнди, улар ҳукумат ислоҳотларига катта қизиқиш билан боқади. Президентнинг ҳар бир янги қарорини муҳокама этиб, тушуниб етишга уринади. Бир оғиз суҳбатга ташна оломон янги мулоқот кунларини кутишни бошлади. Ғаниевнинг ҳаракати нимага олиб келди? Биргина вилоят ҳокимининг ўз мансаби номуносиб сўзлари яна барчасини йўққа чиқарадими? Давлатимиз ҳақиқий кураш майдонига, ислоҳотлар ва ўзгаришлар даврига қадам қўймоқда. Шундай экан, сизга маош бериб келаётган халқ олдида ёруғ юз билан юриш учун жаноб ҳоким, узр сўранг. Сиз халқнинг қайта уйғонган ишончини ўчиришга ҳақингиз йўқ!

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид