Жаҳон | 20:43 / 19.05.2018
12876
2 дақиқада ўқилади

Грознийда черковга ҳужум қилган жангарилар йўқ қилинди 

Фото: Сайд-Хусейн Царнаев / Коммерсантъ

Чеченистон пойтахти Грознийда Архангел Михаил черковига ибодатга келганларни гаровга олишга уриниш вақтида 4 жангари йўқ қилинди. Бу ҳақда республика раҳбари Рамзон Қодиров маълум қилди. 

“Жангарилар черковга диндорларни қўлга олиш учун бостириб кирган. Зудлик билан ўтказилган махсус амалиёт натижасида барча 4 жангари йўқ қилинган. Жангарилар буйруқни ғарб давлатларидан биридан олгани ҳақида тезкор маълумот бор”, деб айтган Қодиров. 

Қодиров воқеа жойига ташриф буюриб, “амалиётнинг боришини шахсан ўзи назорат қилган”. Таъкидланишича, амалиёт бир неча дақиқагина давом этган. “Айни вақтда йўқ қилинган жангариларнинг шахсини ўрганиш бўйича чоралар кўрилмоқда, воқеа жойи ўраб олинган”, деб қўшимча қилган Қодиров.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилининг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 2 полиция ва диндор деб тахмин қилинган бир киши ҳалок бўлган. Яна 2 полициячи жароҳат олган. Таъкидланишича, жангарилар 10 та ёнувчи аралашмали бутилка, икки стволли қирқма милтиқ билан қуролланган бўлган. Уларда, шунингдек, тўппончалар, пичоқлар ва кичик болтачалар бўлган. 

Маълум қилинишича, жангарилар 5 киши бўлган бўлиши мумкин, чунки черков руҳонийси жангарилар қурбони деб тахмин қилинаётган кишини танимаган. Бундан эса бу киши ҳам жангари бўлиши мумкинлиги келиб чиқмоқда.  

 

Мавзуга оид