Жамият | 14:47 / 20.05.2018
23448
2 дақиқада ўқилади

Давомат паст. Ўқувчилар транспорт йўқлиги учун дарсга қатнай олмаяпти

Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Тараққиётлик ўқувчиларнинг дарсга мунтазам қатнамаслигига Зарбдор туманида жамоат транспорт қатновининг яхши йўлга қўйилмагани сабаб бўлмоқда, деб ёзади вазиятни ўрганган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Халқ депутатлари Зарбдор туман Кенгаши аъзоси Фаина Гилязитдинова.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Зарбдор туман Кенгаши ва депутатлик гуруҳи томонидан «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси юзасидан тегишли ташкилотлар фаолияти ўрганилди. Мазкур қонун ижроси юзасидан таълим муассасалари фаолияти ҳам таҳлил қилинди.

Шу аснода Зарбдор маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ўтказилган рейдларда ўқувчиларнинг умумий давомати ўрганилди. Унга кўра жами 727 нафар ўқувчидан 684 нафари дарсларда қатнашаётганлиги, қолган 43 нафари эса дарс жараёнларида умуман иштирок этмаётганлиги аниқланди.

Мониторинг кунида ўқувчи ёшларнинг дарсларда иштироки ва давомати аҳволи ўрганилганда – кечикиб ва дарсларда мунтазам иштирок эта олмаётган ўқувчиларнинг аксарияти «Тараққиёт» ҚФЙда истиқомат қилиши маълум бўлди. Туманнинг чекка ҳудудидан коллежгача бўлган масофа бир мунча олис бўлганлиги сабабли транспорт қатнови билан боғлиқ кўплаб муаммолар борлиги, бу эса ўқувчиларнинг дарсларга ўз вақтида етиб келолмаслиги, ёки умуман коллежга келмаслигига асосий сабаблардан бўлиб қолмоқда.

Маълумот учун, айни пайтда Зарбдор туманида профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар – 12 нафарни, профилактик ҳисобда турган фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар 6 нафарни ташкил қилади. Аммо, жамоат транспорти қатнови яхшиланмагани туфайли яна 43 нафар ўқувчи дарсга жараёнида иштирок этмаётгани ачинарли ҳолат.

Мавзуга оид