Жаҳон | 08:08 / 21.06.2018
3917
2 дақиқада ўқилади

Трамп ноқонуний муҳожирларни фарзандларидан айиришни тўхтатишга қарор қилди

Фото: John Moore/Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп ноқонуний муҳожирлар оилаларини бир-биридан айирувчи амалиётни тўхтатувчи фармонни имзолади. Унга кўра, АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда ушланган ота-оналар ва уларнинг фарзандларини имкони борича бир-биридан айирмасликка кўрсатма берилган. 

“Ушбу маъмуриятнинг тамойили оила бирлигини сақлаб қолиш ҳисобланади”, деб айтилган фармонда.

Трампнинг айтишича, бу фармон оилаларга биргаликда қолишга имкон беради, бироқ “нол тоқатлик” сиёсати сақланиб қолади.

Фармонда ҳуқуқ-тартибот идоралари агар ота-онанинг ушланиши кичик ёшдаги болага хавф солиши эҳтимоли бўлса, бутун оилани ушламаслиги кераклиги айтилган.  

“Нол тоқатлик” сиёсатига кўра, мутасадди идоралар чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган оилани фарзандлари билан ушлаб, ота-оналарни изоляторларга, фарзандларни эса махсус марказларга жўнатмоқда. Май-июнь бошида шу йўл билан 2 мингдан кўпроқ бола ушланган.

Мухолиф демократлар ва жамоат ташкилотлари Трамп маъмуриятининг оилаларни бир-биридан ажратувчи сиёсатини кескин танқид қилмоқдалар. Трамп унга ҳам бундай усул ёқмаслигини, бироқ қонунга амал қилиш лозимлигини айтган. Трамп мухолифат, баъзи партиядошлари ва жамоат фикри босими остида бу масалада ён босишига тўғри келди. 

Аввалроқ American Airlines авиакомпанияси АҚШ ҳукуматидан ота-оналаридан айирилган болаларни ташиш учун компания самолётларидан фойдаланмасликни сўраган.

“Биз федерал ҳукуматдан бу мақсадда American Airlines самолётларидан фойдаланишдан зудлик билан бош тортишни сўрадик. Биз оилаларнинг айирилиши ва бундан ҳам ёмонроғи, бундан даромад олишга алоқадор бўлишни истамаймиз”, деб айтилган авиакомпания баёнотида.

Мавзуга оид