Жаҳон | 20:45 / 28.07.2018
6779
2 дақиқада ўқилади

Экологлар инсониятнинг дунё океанига таъсири кўламини ҳисоблаб чиқишди

Фото:AP/ Scripps Institution of Oceanography, Mario Aguilera

Австралия ва АҚШ олимлари гуруҳи дунё океанининг ҳолатини таҳлил қилиб, инсоният томонидан ундаги тегилмаган сув ҳудудлари ҳажмини ҳисоблаб чиқишди. Уларнинг тадқиқоти Current Biology журналида чоп этилди.

Тадқиқотга кўра, инсоният томонидан тегилмаган сув ҳудудлари майдони 55 млн квадрат километр, яъни дунё океани майдонининг 13 фоизга яқинини ташкил қилар экан. Таъкидланишича, бу ҳудуддан 5 фоиздан камроғи қонунчилик томонидан ҳимоя қилинади.

Олимлар ўз тадқиқотларида океанга инсоният фаолиятининг 12 тури, жумладан юк ташиш, транспорт, балиқчилик, саноат оқова сувлари ва қишлоқ хўжалиги ўғитлари ташланиши таъсирини ўрганишган. Ушбу рўйхатдан камида 15 омил деярли таъсир қилмаган ҳудудлар инсон томонидан тегилмаган ҳудуд деб ҳисобланган. 

Натижада олимлар инсон томонидан тегилмаган энг катта “ёввойи” ҳудудлар Ҳинд-Тинч океани минтақасида, Арктика ва Антарктикада эканини аниқлашган. Бу майдон 16 млн квадрат кмни ташкил қилар экан. Шунингдек, инсон томонидан энг кам тегилмаган сув ҳудудлари Африка жанубини ўровчи сув ҳудудлари экани аниқланган.

Олимларнинг айтишича, бундай “ёввойи” ҳудудлар сайёрамиз экологияси учун жуда муҳим аҳамиятга эга, чунки уларда биологик турлар турфа хиллиги бошқа ҳудудлардан анча кўпроқ. Бундай ҳудудларнинг ҳимояланиши сайёрамиз биотурфалигини сақлаб қолишда ёрдам кўрсатади.

Мавзуга оид