Кофи Аннан вафот этди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ бош Котиби Кофи Аннан 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда БМТнинг Миграция бўйича ташкилоти Twitter’даги ўз микроблогида хабар берди.
«Бугун биз буюк инсон, етакчи ва визионер - БМТ собиқ бош котиби Кофи Аннан орамизни тарк этганидан чуқур қайғудамиз», - дейилади ташкилот хабарида.
Кофи Аннан 1938 йил 8 апрелда Олтин Қирғоқ (ҳозирги Гана) инглиз колонияси ҳудудида вилоят губернатори, Фанте қабиласи етакчисининг меросхўри оиласида туғилган.
Отаси ўғлининг келажагига катта таъсир кўрсатди ва Кофининг Ганадаги Кумаси Илмий-техника университети таълим олишига ёрдам берди. Ўқишни тугатган Кофи иқтисод билан шуғуллана бошлаган, сўнг АҚШнинг Миннесота штати Сент-Поле шаҳридаги Макалестер коллежига кўчиб ўтган.
Шу йиллар мобайнида Кофи илмий тадқиқотлар олиб боришга ва илмий даражага эга бўлишга қарор қилади, шунинг учун у Женевадаги (Швейцария) Халқаро муаммоларни ўрганиш бўйича олий институти аспирантурасига киради.
Орадан 10 йил ўтгач, Кофи Аннан Слоун стипендиясини олди ҳамда Массачусетс технологиялар институтига йўл олди. У ерда Аннан бошқарув бўйича магистр даражасини олди.
Шундан сўнг, Кофи Аннан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимига ишга ўтди. У Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида маъмурий ва бюджет масалалар билан шуғулланди.
Ушбу лавозимидан сўнг, у Адис-Абебе (Эфиопия)да Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Африка учун иқтисодий комиссиясида, Исмоилияда (Миср) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Шошилинч кучлари таркиби аъзоси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги Қочқинлар иши Олий Комиссариятида меҳнат қилди. Кейинчалик Нью-Йоркдаги (АҚШ) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида бош котиб ўринбосари сифатида хизмат қилди.
Кофи Аннан 1997-2006 йилларда БМТнинг еттинчи бош котиби бўлган, 2001 йилда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги саъй-ҳаракатлари учун Нобель мукофоти билан тақдирланган.
Кофи Аннан 2002 йилда Ўзбекистонга уч кунлик ташриф билан келиб, мамлакат биринчи президенти Ислом Каримов билан музокаралар ўтказган.
Мавзуга оид
19:00 / 25.12.2024
“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер
13:38 / 24.12.2024
“Болалар совуқдан музлаяпти” – БМТ вакиллари қиш фаластинликлар ҳаётини янада оғирлаштираётганини маълум қилди
11:15 / 12.12.2024
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида 530 дан ортиқ фуқаросини Яқин Шарқдан қайтарди
18:38 / 11.12.2024