Иқтисодиёт | 11:11 / 10.09.2018
4548
3 дақиқада ўқилади

Янги жамғарма блокчейн технологиялари жорий этилишини қўллаб-қувватлайди

Фото: topwar.ru

«Рақамли ишонч» жамғармаси ташкил этилди. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилмоқда. Президентнинг 2.09.2018 йилда эълон қилинган ПҚ–3927-сон қарорида шулар назарда тутилган.

Norma’нинг ёзишича, «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси инвестициявий, молиявий ва бошқа ресурсларни рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларида консолидациялаш мақсадида фаолият юритади. Жамғарма тасарруф этадиган маблағлар ҳақидаги ахборот жадвалда келтирилган:

Жамғарма Кенгаши ташкил этилди. Яқин орада у қуйидагиларни амалга ошириш чоғида «блокчейн» технологиялари босқичма-босқич жорий этилишини ҳам назарда тутувчи рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:

• марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари, давлат ва минтақавий дастурлар амалга оширилишини мониторинг қилиш;

• Давлат бюджети маблағлари келиб тушиши ва сарфланиши, давлат органларида тўлов интизомига риоя этилиши устидан назорат қилиш;

• соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, таълим ва маданият соҳаларида ижтимоий хизматлар кўрсатиш, шунингдек ажратиладиган бюджет маблағлари тақсимланишини мониторинг қилиш;

• шу жумладан идоралараро ҳамкорлик қилиш, давлат харидларини амалга ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш, шахс тўғрисидаги маълумотларни верификациялаш чоғида давлат органлари фаолиятини ташкил этиш;

• давлат кадастрлари, реестрлар, классификаторлар ва бошқа маълумотлар базаларини юритиш, шу жумладан уларга киритилган ахборотни актуаллаштириш ва улардан фойдаланиш;

• шу жумладан бизнес-жараёнларни такомиллаштириш, ишлаб чиқариш, маъмурий ва операцион жараёнларни мақбуллаштириш, шунингдек замонавий менежмент ва ресурслар бошқарувини жорий этиш учун устав капиталида (устав фондида) давлат иштироки устунлик қиладиган йирик тижорат ташкилотларида корпоратив бошқариш;

• банк ва молия секторларидаги транзакция операциялари, шу жумладан клиринг операциялари, электрон тўловлар, суғурталаш, савдони молиялаштириш (аккредитив) ва лойиҳаларни кредитлашни мониторинг қилиш.

Жамғарма қуйидаги манзилда жойлашган: Тошкент ш., И. Каримов кўч., 1-уй.

Ҳужжат 2.09.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид