Спорт | 16:25 / 20.11.2018
16680
14 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Гвардиоланинг «Барселона»си ҳаётидан лавҳалар

12 ноябрда Universal студияси Take the Ball, Pass the Ball деб номланган ҳужжатли фильмни намойиш этди. Фильм Пеп Гвардиоланинг «Барселона»си ҳақида. Ушбу фильм англиялик журналист Грэм Хантернинг китоби асосида суратга олинган ва ўша йилларнинг асосий қаҳрамонларидан интервьюлар жамланган.

Sports.ru сайтида фильмнинг баъзи қизиқ лавҳалари «қоғозга туширилди». Қуйида ушбу материал таржимаси эътиборингизга ҳавола этилади.

Мослаша олмаган футболчилар
Баъзида жуда яхши футболчилар «Барселона» ўйинига мослаша олмаганди. Масалан Анри ва Абидаль ҳам Пепнинг услубида ўйнаб кетишлари қийин кечганди. Фильмда мана шундай мисоллардан бири, Дмитрий Чигринский ҳақида сўз боради.

Дмитрий Чигринский: «Мен ўз имкониятимни бой бергандим. Мен жамоада ўйнашни жуда истаганман, шунинг учун дарҳол нималарга қодирлигимни кўрсатишга шошилганман. Баъзида бу менга халақит ҳам берарди. Бир куни Хави менга «мен болалигимдан шу ердаман, аммо шунга қарамай, агар бир нечта ўйинда яхши ўйнай олмасам, мухлислар мени тамом қилишади». Ўшанда у ҳазиллашяпти деб ўйлаганман, лекин аслида ростан ҳам шунақа экан».

Карлес Пуйол: Чигринскийнинг савияси «Барселона» талабларига мос келарди. Аммо бу ерда ҳимоячи бўлиб ўйнаш осон эмас, босим ҳаддан ташқари катта».

Тьерри Анри: «Хави ўйнайдиган зонада яхши ҳимоялана олмайдиган «Осасуна»га қарши ўйин эди. Ўша куни чап оёқда даҳшатли даражада кучли ўйнайдиган Чигринский асосий таркибга туширилди. У ўнг оёқдаям яхши ўйнарди, лекин чап оёғи ниҳоятда кучли эди. Кўрсатмага кўра, биз тўпни Дмитрийга оширишимиз, у эса Хавига узатиши лозим эди. Аммо бир икки марта Чигринский Златанга ажойиб тўп узатмасини амалга оширди ва ҳатто Златан гол уришига ҳам сал қолди. Аммо танаффус пайтида Пеп Чигринскийни алмаштириб ташлади. Мураббий уни ўйин моделини бузаётганликда айблади».

Капелло Мессини «Ювентус»га олиб келмоқчи эди

Хави: «Месси ҳар жиҳатдан ҳаммадан устун – у чап оёқда, ўнг оёқда, бош билан, ҳужумда, ҳимояда сиздан яхшироқ, сиздан тезроқ ўйнайди, яхшироқ алдайди, тўп узатади. Яна нима? Дарвозадами? Ҳали буни синаб кўрмадик».

Лауреано Руис, «Барселона» ёшлар жамоаси собиқ мураббийи: «Илгари мураббийлар хонасига кираверишда, эшик тепасида «агар бўйи 180 сантиметрдан пастроқ футболчини тавсия қилмоқчи бўлсангиз, қайтиб кетаверинг», деб ёзиб қўйилганди. Кройф бу тушунчаларни ўзгартира олди ва маҳорат бўйдан муҳим эканини исботлади».

Самюэль Это’О: «2005 йилда Жоан Гампер соврини учун «Ювентус»га қарши ўйин олдидан мен Патрик Виейрага эхтиёт бўлиб ўйнаши кераклигини, унга қарши келажакда футболни ўзгартириб юборадиган болакай ўйнашини айтдим. Биз ўшандаёқ унинг бошқача ўйинчи эканини билардик.

Хави: «Ўйиндан кейин Капелло Мессини ижарага олмоқчи бўлди. Капелло аҳмоқ эмас».

Моуриньо ва Гвардиола ўртасидаги танлов
2003 йилда Жоан Лапорта «Барселона» президентлиги сайловларида ғолиб чиқди. Унинг сайловолди дастуридаги пунктлардан бири Кройфни жамоага қайтариш эди. Афсонавий мураббий клубга қайтди ва футбол соҳасида муҳим маслаҳатчи сифатида ўрин олди. Кройф фалсафасига мос бўлган мутахассислар ичида Франк Райкаард ҳам бор эди, шунинг учун мураббийлик унга ишониб топширилди.

«Барселона» 2005/06 йиллар мавсумида Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди, аммо кейинги йил жуда қийин ўтди. Баъзи футболчилар жамоани тарк этишди, Роналдиньо ўйинида пасайиш бошланди. Натижада, «Барселона» учун энг ёмон мавсумлардан бири бўлди ва жамоа учинчи ўринни олди.

Хави: «Райкаард ўрнига Жозе Моуриньо ва Пеп Гвардиола вариантлари кўриб чиқилганди. У пайтларда Жозенинг «ёмон йигит» репутацияси йўқ эди, аксинча, Пепдан кўра ҳам мосроқ кўринарди. Чунки, унгача Жозе «Барселона»да ишлаб улгурган, бир нечта катта совринларни ютган машҳур мураббий эди.

Жозе ўз вақтида бу ердаги жуда кўп футболчиларга ёрдам берган. Ван Гаал кўпинча уни иккинчи жамоанинг машғулотларига жўнатарди. Квадратлар, тўпни назорат қилиш, позицияларни назорат қилиш – буларнинг ҳаммасини бизга Моуриньо ўргатган. Аммо «Челси»да унинг услуби ўзгариб кетди. 

Жоан Лапорта: «Кенгашнинг тўрт ёки беш нафар аъзоси Моуриньо тараф эди. Вице-президент ҳатто учрашув ташкил қилди ва Жозе бизга «Барселона»ни қандай жамоага айлантирмоқчи экани ҳақида сўзлаб берди. Бу жуда қизиқ ва эътиборга молик учрашув бўлган, аммо Кройф ғояларидан анча узоқ эди.

Шунда Кройф Лапортага «Барселона» ёшлар жамоасини бошқараётган одамни мураббий қилиб тайинлаш лозимлигини айтди. Ўша пайт учун бу жуда аҳмоқона рискка ўхшаб туюлган бўлиши мумкин, аммо Йоҳан бир йил давомида Гвардиола билан суҳбатлашган, кимни таклиф қилаётганини биларди.  

Это’О ва Абидал билан зиддиятлар

Илк матбуот анжуманидаёқ Пеп Гвардиола «бомба» ташлаб юборди: Роналдиньо кетади, Деку кетади, Это’О ё кетади ёки захирада ўтиради. Гвардиола камерунлик ҳужумчини сотишни талаб қилган, аммо Лапорта уни ҳимоя қилди, Хави ва Пуйол Самуэлга имконият беришни сўрашди. Натижада ҳужумчи мавсумолди йиғинларида жуда кучли ўйин намойиш қилди.

(Бу воқеалар Самуэлниннг «Бунёдкор» билан музокаралари кечган даврда рўй берганини эсласангиз керак. Оқибатда, ҳужумчи яна бир йилга жамоада қолади ва Чемпионлар Лигаси финалида энг муҳим голини уради. Кейинги мавсумда Гвардиола уни барибир сотди, аниқроғи, Златан Ибраҳимовичнинг трансфери учун тўлов сифатида «Интер»га юборилди. Кейинчалик, Златан ҳам Пеп билан яхши чиқиша олмади ва Барселонада узоқ қолмади. Самуэль эса, «Интер»да Жозе Моуриньо қўл остида яна Чемпионлар Лигаси ғолибига айланди).

Это’О: Ўша жамоа мураббийсиз ҳам ўйнай оларди. Гвардиоланинг асосий вазифаси жамоага ғалаба қозониш истагини қайтариш эди ва у буни уддалади. Тактика борасида Пепга ҳеч ким тенг кела олмайди, қўшиламан, лекин мен масалан футболчилар билан муносабатлар бобида ундан яхшироқ уддалаган бўлардим».

Бундай қийинчиликлар ҳақида ўз вақтида бошқа футболчилар ҳам, масалан Анри ва Абидаль ҳам сўз юритган. Уларнинг айтишича, Пеп футболчилар билан гўёки болаларга қилгандек муомала қилган экан. 

Абидаль: «Мен ахир 15 ёшда эмасман. Агар менга ҳурмат билан муомала қилишса, мен ҳам шундай жавоб қайтараман. Лекин бундай ҳурмат бўлмаса, нега айтганингни қилишим керак? Мен Пепга «мен билан бундай гаплашишга ҳаққинг йўқ» дедим ва кейин президент олдига бориб, агар шундай давом этса, кетмоқчи эканимни айтдим».

Гвардиола ростдан ҳам футболчилардан қуёш остида турмасликни, нима еб, неча соат ухлагани ҳақида ҳисобот беришни, теннис ёки «Формула-1» ўйинларига бормасликни талаб қиларди.

Класикодаги 6:2

Хавининг айтишича у жон таслим қилаётганда, 2009 йилда «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтган ўйинни ёдга олишни истар экан. Ўшанда «Барселона» «Реал»ни 6:2 ҳисобида тор-мор этган ва амалий томондан мамлакат чемпионига айланганди. Месси ва Хави ўша ғалаба Пепнинг тактикаси ёрдамида қўлга киритилган деб ҳисоблайди.

Лео Месси: Ўйиндан бир кун олдин Пеп менга қўнғироқ қилиб, машғулот майдончасига тушишимни сўради. У мен учун тайёрлаб қўйилган янги позиция ҳақида суҳбатлашишни хоҳлаган экан. Пеп ва Тите «Реал»нинг ўйинларини кузатиб, мени янги позицияда синаб кўришга қарор қилишган».

Ўша ўйинда Пеп илк маротаба Мессини марказда, «алдамчи тўққизлик» сифатида синаб кўрган. Ундан олдин аргентиналик ҳужумчи кўпроқ ўнг қанотда ҳаракат қиларди.

Хави: «Пеп «Реал» марказий ҳимоячиларининг марказий ҳужумчига нисбатан прессинг қилмасликларини пайқади. Шунинг учун Анри ўнг қанот ва ўнг марказий ҳимоячи ўртасида, Это’О худди шу позицияда, фақат нариги томонда, Месси эса, «алдамчи тўққизлик» сифатида ҳаракат қилди. Шу тариқа, биз ярим ҳимояда қўшимча кучга эга бўлдик».

ЕЧЛ-2009 финали олдидан

Иньеста ўша финал олдидан жароҳатланган, яна бир қатор футболчилар ҳам сафдан четда қолганди. Натижада, ҳимояда Пуйол, Туре ва ўша мавсумда умуман ўйнамаган Силвиньо майдонга тушишди. Ўйин бошланишига беш дақиқа қолганда, Пеп футболчиларга видео қўйиб беради.

Анри: «Биз хонага кирдик ва у ерда монитор турганди. Биз нима бўлишини билмасдик. Маълум бўлишича, Пеп ва Тито бизнинг финалгача босиб ўтган йўлимиз ҳақида видео тайёрлашган экан. Лавҳаларда чиройли голлар, қийин ҳолатлар ва адашмасам, «Гладиатор» фильми мусиқаси бор эди».

Санти Падро, «Гладиатор» фильми монтажчиси: «Иньестанинг ярим финалдаги голидан сўнг, Пепдан смс олдим. «Менга финални ютишда ёрдам бердинг» деб ёзилганди».

Виктор Вальдес: «Босс жуда ҳиссиётга берилувчан эди. У узоқ вақт видеони тайёрлади ва бизни ичкарига киритмай турди. Биз фильмни кўриб йиғлаб ҳам юбордик, кейин Андре Бочелли Чемпионлар Лигаси гимнини куйлаётганда, янаям баттар бўлди аҳволимиз. «Манчестер Юнайтед» футболчилари бизга нима бўлганини тушунмай, ҳайрон бўлишганди».

Манель Эстиарте, тарихдаги энг кучли ватерполистлардан бири, Гвардиоланинг ёрдамичиси: «Агар видео футболчиларни мотивациясини ошириш учун тайёрланган бўлса – бу жуда нотўғри қарор бўлган. Футболчилар ғалати бўлиб қолишган, агар илк 10 дақиқада Валдес бизни қутқармаганда, иккита гол ўтказиб юборардик».

Вальдес қутқариб қолди ва «Барселона» ўша мавсумни требл билан якунлади.

«Даҳолар ҳам хато қилади»

Пепнинг «Барселона»даги учинчи йили ҳам муваффақиятли чиқди, жамоа Ла Лига ва Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. Кройф Гвардиолага кетишни маслаҳат берди, чунки унинг бироз чарчаб қолгани сезилган, Лапорта ҳам кетиб, унинг ўрнига Сандро Росел келганди. Аммо Пеп қолди.

Вальдес: «Пепга чидаш қийин бўлиб қолди. Илгари умуман эътиборсиз қолдирган баъзи майда нарсаларга ҳам эътироз қилаверарди. АҚШда мавсумга тайёрланаётганимизда у Пуйол ва Пикега бақириб берди. Ўшандаёқ мен Андресга «Пеп бу йилдан кейин кетса керак» дегандим.

Дани Алвес: «Даҳолар ҳам хато қиладилар. Гвардиоланинг охирги йили шунақа хато бўлганди. Гўёки, унга энди барибирдек туюлиб қолганди. Биз нима бўлаётганини тушунмасдик ва шунинг учун кўп жанжал чиқарди. Олдинги йиллари Пепнинг ҳар бир айтганини сўзсиз бажарардим, чунки у нега бундай қилиш кераклигини жуда яхши тушунтириб бера оларди, аммо охирги йили менга агар «Камп Ноу»нинг юқори қаватидан сакраш буюрилса, аниқки, сакрамасдим».

Сўз Гвардиолага

Гвардиола фақат бир марта экранда пайдо бўлади, у ҳам бўлса, титрлардан сўнг. Ундан «Барселона»даги тўрт йил ҳақида гапириб беришни сўрайдилар.

Пеп Гвардиола: «Ўша йиллар хотираси мен учун бахт ва носталгия. Менимча, ўшанда юлдузлар ўрни ҳам бизга омадли келган, акс ҳолда бу қадар муваффақиятли бўлиш мумкин эмасди. Аммо асосий калит – футболчиларнинг маҳорати, албатта. Биз шунчаки, уларнинг ортидан тўпни кўтариб юрамиз, улар дарвозага киритади.

Анча йиллар олдин Йохан Кройф биз учун пойдевор ўрнатган: оддий нарсаларни яхши бажаришни ўрганиш керак – бу деярли ғалаба дегани. Футболдаги энг оддий нарса эса – тўп ошириш. Бу инсонларни бирлаштиради. Ҳамма бу жараёнга қатнашади, ўзини бунинг бўлаги деб билади. Илк кунларданоқ бунинг устида ишлаганмиз.

Агар 25 йил ўтиб ҳам, биз қандай ўйнаганимиз ҳақида эслашса, мен жуда хурсанд бўлардим».

Мавзуга оид