Жаҳон | 18:40 / 27.11.2018
17185
6 дақиқада ўқилади

Буюк Британиянинг ЕИни тарк этиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Фото: Reuters

2016 йилнинг 23 июнида Буюк Британия фуқароларининг кўпчилик қисми мамлакатнинг Евроиттифоқ таркибидан чиқиши (Brexit) учун овоз беришганди. Бу тарихий ва кутилмаган қарор барчага: оддий сайёҳлардан тортиб бизнеснинг йирик вакилларигача таъсир кўрсатиши мумкин. Brexit жараёни нима ва унинг оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

Brexit (Britain — Британия ва Exit — чиқиш) — Буюк Британиядаги консерватив мухолифат ва айрим шахсларнинг асосий сиёсий мақсади. Мамлакат Европа иттифоқини 2019 йил 29 мартда тарк этиши кутилмоқда.

Иқтисодий оқибатлар

Буюк Британия Евроиттифоқ таркибидан чиқиш натижасида 2018 йилдан 2030 йилгача ЯИМ ўсиш суръати 0,17 фоизга пасайиши мумкин. 2030 йилгача мамлакат ЯИМ ҳажмининг 2,2 фоизини йўқотиши мумкин.

Аҳоли даромади

Бирлашган Қироллик фискал тадқиқотлар институтининг маълумотларига кўра, мамлакат Евроиттифоқдан чиққанидан сўнг Британиядаги ҳар бир оила йилига ўртача 1250 фунт стерлинг йўқотади. Маълум қилинишича, Brexit’дан кейинги ўн йил давомида мамлакат аҳолисининг реал даромади пасайиши кутилмоқда.

«Бу ўзгаришни мамлакатнинг барча аҳолиси ҳис қилади, аммо асосий зарарни ишлайдиганлар кўради, пенсионерлар эса самарали ҳимоя остида бўлишади», — дейди институт ходими.

Молия бозори

Brexit Британия молия секторига узоқ давом этадиган зарар етказиши мумкин. Бунинг асосий сабаби эса, мамлакатни ақлли ва салоҳиятли инсонлар тарк этиши жараёни бошланиши эҳтимолидир. Лондонда ҳам худди Силикон водийсидаги каби жаҳон миқёсидаги истеъдодли шахслар тўпланган бўлиб, хорижлик ишчилар учун виза беришдаги мавҳумлик, ишдан ажралиш эҳтимоли каби ҳолатлар уларнинг мамлакатни тарк этишларига олиб келиши мумкин.

Бизнес ва компанияларнинг кетиб қолиши

Британиянинг easyJet авиакомпанияси бизнесининг бир қисмини ЕИга кўчиришга қарор қилган биринчи йирик корпорация бўлди. Европа ичидаги йўналишларда авиаташувларни амалга ошириш ҳуқуқидан айрилиб қолмаслик учун у Австрияда ўзининг easyJet Europe деб номланган шўъба компаниясини ташкил қилди. Европа банк бошқармаси ва Европа дори воситалари агентлиги Лондонни тарк этишга қарор қилди, уларда мингга яқин ходим фаолият кўрсатарди. 2018 йил сентябрда Япониянинг Panasonic корпорацияси ўзининг Европадаги бош қароргоҳини Лондондан Нидерландияга кўчиришини эълон қилди.

Паспорт тизими

Қироллик фуқаролик паспортидаги «European Union» ёзуви кўплаб британияликларни ўйлантириб қўйди: улар паспортни алмаштириш керакми-йўқлиги борасида савол беришмоқда. Буюк Британия ЕИ таркибидан бутунлай чиқиб кетмагани боис паспорт алмаштирилмайди. Икки йилдан сўнг паспортлар босқичма-босқич алмаштирилиши мумкин.

Кўчмас мулк бозори

Евроиттифоқдан чиқиш ҳақидаги қарор расмий Лондон ва Европа давлатларининг мустаҳкам алоқалари сабабли пойтахт кўчмас мулк бозорига жиддий ва кенг миқёсда таъсир қилади. Лондондаги кўчмас мулк эгаларининг ишончсизлиги кучаяди. Аммо шу билан бирга бу инвесторлар учун қисқа муддатли истиқболда янги имкониятлар очиши мумкин. Айниқса, фунт стерлинг заифлашиши хорижлик харидорлар учун фойдали бўлади.

Сайёҳларга таъсири

Хорижликлар Буюк Британияга Brexit’га қадар амалда бўлган қоидалар асосида келишлари мумкин, британияликлар ҳам Европага эски тартиб асосида бора олишади. Фақат фунт заифлашиши натижасида авиачипталар қимматлаши мумкин. 

Кейинчалик нима бўлиши эса Буюк Британия ва ЕИ раҳбарлари ўртасидаги музокараларга боғлиқ бўлади. Бу биринчи навбатда, Британия ва Евроиттифоқ учун виза тартибига тегишли. Бундан ташқари, Қироллик Очиқ осмон бўйича кўп томонлама шартномага қўшилиши керак бўлади, акс ҳолда маҳаллий саёҳатчиларнинг эркин ҳаракат қилишлари чекланиши мумкин.

Хорижлик талабаларни нималар кутади?

Британия жаҳоннинг энг йирик таълим марказларидан бири ҳисобланади ва яқин икки йил ичида вазият ўзгармайди. Хорижликлар Tier 4 (General) Student Visa асосида таълим олишлари, британияликлар референдумга қадар амалда бўлган шартлар асосида ЕИ мамлакатларида ўқишлари мумкин бўлади.

Қироллик ЕИ таркибидан узил-кесил чиқиб кетганидан ҳам вазият бутунлай ўзгариб кетиши кутилмаяпти. Мамлакат ўзининг илмий-маданий марказ мақомини сақлаб қолиши лозим. Бундан ташқари, Британия халқаро Erasmus дастурининг фаол аъзоси ҳисобланади.

Меҳнат миграциясига таъсири

Британия ЕИдан тўлиқ ажралиб чиққунича миграция қонунчилигида кескин ўзгаришлар юз бермайди. Икки йилдан кейин ҳам ЕИдан келадиган мигрантлар сони камайиши сўроқ остида қолади. 

Биринчидан, Британияда хорижлик мутахассислар учун жиддий лобби мавжуд – йирик ва кичик бизнес вакиллари иш кучи етишмаслигидан ташвишланишади. Иккинчидан, бу борада ЕИ қатъий позицияда бўлиши мумкин: эркин савдо эвазига чегаранинг очиқлиги. Учинчидан, мамлакатда кўплаб соҳаларда малакали мутахассислар етишмовчилиги мавжуд.

Нималарга келишилди?

25 ноябрь куни Европа Иттифоқининг 27та давлати ҳукуматлари раҳбарлари Европа Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Буюк Британиянинг иттифоқдан чиқиши бўйича келишувни тасдиқлашди.  

Келишувдан ташқари, Brexit ҳақидаги ҳужжатлар пакетига Бирлашган Қироллик ҳамда Европа Иттифоқининг келгусидаги муносабатлари белгилаб берилган сиёсий декларация ҳам киритилган.

ЕИнинг музокаралардаги координатори Мишель Барньенинг айтишича, Евроиттифоқ ҳамда Буюк Британия кейинги музокараларни 2019 йилнинг 30 мартидан, яъни Британиянинг ЕИ таркибидан чиқадиган куннинг эртасига бошлаши мумкин бўлади.

14 ноябрь куни Буюк Британия ҳукумати Brexit бўйича келишувни маъқуллаганди. Энди уни Европарламент ва Буюк Британия парламенти тасдиқлаши керак.

2019 йилнинг 29 мартида Буюк Британия ЕИдан чиқишига расман старт берилади. 21 ой давом этадиган ўтиш даврида Буюк Британия ЕИ ва божхона иттифоқи аъзоси бўлиб қолади, бу Ирландия билан чегарасини очиқ қолдириши эвазига бўлади. Агар томонлар 21 ой ичида - 2020 йилнинг 31 декабригача янги савдо келишувига эриша олишмаса, ўтиш даври муддати узайтирилади.

Мавзуга оид