Ўзбекистон | 11:45 / 28.02.2019
20436
8 дақиқада ўқилади

Деҳқончилик бўйича долзарб ойлик эълон қилинди

Азиз миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!

Юртимизнинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади. Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси. Айни вақтда мамлакатимизда 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари 445 минг гектардан зиёд экин майдонида меҳнат қилмоқда.

Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келтириш пайида бўлайлик. Бу каби тартиб-таомил асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил ҳаракат қилади.

Деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди.

Бугунги кунда деҳқонларимиз ва томорқа ер эгаларининг олдида турган биринчи галдаги вазифа ўз ҳовлиси, томорқаларини тартибга келтириш, ерга уруғ қадашга тайёргарлик кўришдир. Бунинг учун ҳовли, томорқалардаги экин экиладиган майдонларнинг ариқлари хас-ҳашаклардан тозаланиши, мевали дарахтларнинг таглари юмшатилиши, турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг танаси оқланиши керак. Зеро, обод маҳалла обод хонадонлардан ташкил топади.

Иккинчидан, ҳар бир томорқа эгаси тезда ерни экишга тайёрлаши, кузда шудгорланмай қолган ер бўлса, ағдариб, текислаб, маҳаллий ўғитга бойитиб, эртанги сабзавот экинлари, картошка, полиз экинлари уруғини қадашга тахт қилиб қўйиши, плёнка остига экиладиган экинларни эса кечиктирмасдан экиши зарур.

Учинчидан, ҳар бир хонадон эгаси бир ой давомида томорқасининг ҳар бир сотихи ҳисобида ўртача 1 тупдан, бир томорқада ўртача 10 туп ҳудудга мос бўлган сердаромад ва ҳосилдор мевали дарахт кўчатларини экиш тавсия этилади.

Тўртинчидан, ҳар бир деҳқон томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, мавжуд экин майдонларидан уч мартагача ҳосил олиш учун астойдил ҳаракат қилиши, бу ерда ҳар бир хонадонда 1-2 сотихли ихчам иссиқхона қуриш орқали илғор деҳқонлар тажриба мактабини ўзлаштириши зарур.

Бешинчидан, ҳар бир хонадон эгасининг имконияти ва лаёқатига қараб, 100 та товуқ, 20 та курка, 10 та қўй ёки эчки, 2-3 қути асалари уяси, туяқуш ва бошқа чорва молларини боқиш ҳам оила даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.

Ҳурматли маҳалладошлар!

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад — иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Шу сабабли, 25 февралдан мамлакатимизда деҳқончилик бўйича долзарб ойлик, деб эълон қилинди.

Халқимизда “Ерни боқсанг — ер ҳам сени боқади”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Замин ҳалоллик, эътиборни талаб қилади. Ким уни алдайман, деса, элни, ўзини алдаган бўлади. Қолаверса, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг “Кишининг ўз қўли билан қилган меҳнати ҳамда ҳар қандай шубҳали ва хиёнатдан холи бўлган савдо”, деган ҳадисларига амал қилиб, фидойи меҳнат қилиб, ҳалол йўл билан ризқ-рўз топишимиз керак!

Хонадонма-хонадон юриб, маҳаллада кам таъминланган оилаларнинг ўз томорқаларида деҳқончилик билан шуғулланиб, ўзларини тиклаб олишига баҳоли қудрат ёрдам берайлик. Маҳалла миллатимизнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлайдиган, ўзаро тажриба алмашишни таъминлайдиган ноёб институт экани мана шундай хайрли ишларни ташкил этишда яққол намоён бўлади!     

Азиз миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!

Томорқадан даромад олиш маъқулми ёки уч карра солиқ тўлашми?

– якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилади;

– деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаганларнинг унга бўлган эгалик ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади;

– экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, экин турларини тўлиқ эккан, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида икки ёки уч марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасини пасайтирувчи солиқ имтиёзлари қўлланилади.

Мамлакатимизда “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” каби кўкрак нишонларининг таъсис этилиши ҳам деҳқонларимизнинг меҳнатига бўлган эътиборнинг ёрқин далилидир.

Дарвоқе, Сизнинг ўз томорқангизда бандлигингиз – келажакда пенсия таъминоти бўйича иш стажи бўлиб ҳисобланиши учун ҳам ажойиб имконият яратилган. Бунинг учун деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 тадан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўлаган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади.

Шунингдек, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидиялар берилади.

Ҳар бир туманда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖлар ҳудуддаги томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бунда, тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб қайси турдаги экинларни экиш, парваришлаш, маҳсулотни йиғиб олиш ва уни сотиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатади.

Шунингдек, Кенгаш ҳузурида бир қатор хизматлар ташкил этилган. Хусусан, “Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати” унитар корхонаси консалтинг хизматлари кўрсатса, Агро ахборот инновация маркази фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига хорижий давлатларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор тажрибаларини жорий қилиш бўйича тавсиялар беради. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси эса Сизларга уч йил муддатга, шу жумладан, 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар беради.

Шижоатли, олижаноб фермерлар!

Сизларни томорқангизда оилангиз эҳтиёжи учун маҳсулот етиштириш билан бирга, хўжалигингиз ишчиларига ўз томорқасида деҳқончилик қилишлари учун ҳам кўмак беришга чақирамиз. Сизнинг бу борада кўрсатган ғамхўрлигингиз уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади. Унутманг, фермер хўжалиги ишчиларига кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрлик Сиз кузда оладиган мўл ҳосилга мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.         

Азиз юртдошлар, томорқаларимизда сабзовот ва полиз маҳсулотлари, сархил мевалар етиштириб, халқимиз дастурхонининг тўкин, ҳаётининг фаровонлигини таъминлаш йўлидаги имкониятларимиздан самарали фойдаланайлик!

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгаши ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши

Мавзуга оид