Жаҳон | 21:40 / 25.03.2019
27748
3 дақиқада ўқилади

Трамп Жўлан тепаликларини Исроилники деб расман тан олди. Бу ҳудуд исроилликларга нега керак?

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроилнинг Сурия билан чегарадаги баҳсли ҳудуд — Жўлан тепаликлари устидан суверенитети тан олиниши ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 

Декларация Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху иштирокида имзоланган.

«Исроил ўзини хавфлардан ҳимоялаш учун 1967 йилда Жўлан тепаликлари устидан назоратни олган. Бугун у Эрон ва Суриядаги террорчилик гуруҳлари, жумладан «Ҳизбуллоҳ»дан ҳимояланиши керак», деб айтган Трамп ҳужжатни имзолаш маросимида.

Трампнинг айтишича, бу ўн йиллар олдин юз бериши керак эди. 

Фото: Associated press

Бундан аввалроқ, Трамп твиттердаги саҳифасида Исроил ва умуман минтақа хавфсизлиги учун бундай қадам қабул қилиниши вақти келганини ёзганди. 

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг таъкидлашича, Жўлан тепаликлари мақомининг БМТ Хавфсизлик кенгашини четлаб ўтган ҳолда ўзгартирилиши яққол қоидабузарлик ҳисобланади.

Жўлан тепаликларининг Исроилга тегишли эканлигини тан олиш ҳақидаги баёнот бошқа мамлакатлар томонидан салбий қарши олинганди.

Исроил Жўлан тепаликларини 1967 йилда Олти кунлик уруш вақтида эгаллаб олганди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ушбу ҳудудни ноқонуний равишда босиб олинган ҳудуд деб ҳисоблайди.

Жўлан тепаликлари — Исроил ва Сурия чегарасида жойлашган тоғли платодир. Унинг катта қисми — учдан икки қисми — 1967 йилдан буён исроиллик ҳарбийлар томонидан назорат қилинади. 

Жўланнинг аҳамияти унинг физик-географик хусусиятлари билан характерланади. Платонинг ўртача баландлиги денгиз сатҳидан тахминан минг метр баландда жойлашган, ундаги чўққилардан бири, 2000 метр баланликдаги Хермон чўққиси — Исроилнинг энг юқори қисми ҳисобланади ва бу ерда мамлакатдаги ягона қишки курорт жойлашган. Жўлан тепаликларининг ғарбий қисми Ўрта Ер денгизи қирғоқларидаги паст текисликлар билан боғланган. Бу текисликларни платодан туриб осонгина ўққа тутиш мумкин. Сурия чегарани суриш керак деб кўрсатаётган тоғ этаклари денгиз сатҳидан 200 метр пастда жойлашган. Бу текисликларни юқоридан қилинадиган ҳужумлардан ҳимоя қилиб бўлмай қолади. 

Исроилга Жўлан тепаликлари кераклигининг яна бир сабаби шундаки, ундан оқиб тушадиган дарё ва ирмоқлар мамлакат эҳтиёжи учун зарур бўлган ичимлик сувининг асосий манбаларидан (учдан бир қисми) ҳисобланади. Исроилдагилар агар бу ҳудуд Сурияга бериб юборилса, сув манбалари тўсиб қўйилиши ёки шундай таҳдид вужудга келишидан хавфсирашади.

2017 йил охирида Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганди, 2018 йил майида эса бу шаҳарда америкаликлар элчихонаси очилганди. Шарқий Қуддус, Жўлан тепаликлари каби Олти кунлик уруш вақтида исроилликлар томонидан эгалаб олинган.

Мавзуга оид