Жамият | 17:57 / 03.04.2019
9817
2 дақиқада ўқилади

I Халқаро бахшичилик фестивалига 75 мамлакат вакиллари ташрифи кутилмоқда

5-10 апрель кунлари Термизда ўтказилувчи Биринчи Халқаро бахшичилик фестивалида 75 мамлакатдан 170 нафар хорижлик меҳмонлар, жумладан дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шарқ маданияти ва санъати соҳасининг мусиқачилари ва экспертлари, шунингдек хорижий ОАВ вакиллари иштироки кутилмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида ташкилотчилар шаҳарни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлари учун турар-жойларни инвентаризация қилиш ва янгилаш, жамоат жойларида санитария-гигиена объектларини ўрнатиш ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича иш олиб боришмоқда.

Ҳозирги вақтда Термиз ва шаҳар атрофида жами 4 716 та ўринга эга 34 меҳмонхона фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида шаҳар ва унга яқин бўлган ҳудудда умумий 483 ўринга мўлжалланган 102 меҳмонхона уйлари барпо этилди.

Фестиваль иштирокчилари орасида Сурхондарё вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкилотчилар томонидан вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида уч тилда 22 мингта буклет ва 1,5 минг тарқатма материаллар, шунингдек, вилоятнинг 2 мингдан зиёд туристик хариталари тайёрланди ва чоп этилди.

Таъкидлаш жоизки, Собир Термизий номли Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона марказида Халқаро бахшичилик фестивали матбуот маркази иш бошлади. Бу ерда жаҳон ҳамжамиятини бахшичилик фестивали билан боғлиқ хабарларни тезкор ва объектив ёритиш учун барча имкониятлар яратилган. Марказ замонавий ахборот-коммуникацион технологиялар ҳамда Wi-Fi зона билан таъминланган.

Тадбирда дунёнинг 20 мамлакатидан 30 га яқин журналист ҳамда Ўзбекистон ОАВ вакиллари иштироки кутилмоқда.

Мавзуга оид