Спорт | 12:20 / 28.05.2019
23591
2 дақиқада ўқилади

Перес Роналдунинг «Реал»дан кетиши қай тарзда рўй бергани ҳақида гапирди

Фото: REUTERS

«Реал» президенти Флорентино Перес клубдаги фаолияти мобайнида португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдуни энг яхши хариди бўлган, деб ҳисоблашини айтди.

«У ўзини янги машаққатлар чорлови билан синаб кўришни истаётганди ва Чемпионлар лигаси финалидан кейин бу ҳақда айтди. У – мен шартнома имзолаган футболчилар орасида энг яхшиси.

Унинг клубдаги 9 йиллик фаолияти намуна бўлишга арзийди. Бирор марта муаммо туғдирмади. Криштиану билан ҳеч бир масалада – на пул, на муносабатларда муаммо бўлгани йўқ. ОАВдаги хабарлар нотўғри, у ҳеч қачон «Реал»дан солиқ қарзларини тўлаб беришини сўрамаган.

У ўзгаришга қўл уришни ва яхшироқ шартномаси бўлишини хоҳлаётган эди. Охир-оқибат излаганини «Ювентус»да топди ва якунда бу ҳамма учун яхши бўлди. У каби буюк ўйинчиларга баъзида янги машаққат чорлови керак бўлади. У «Ювентус»да ана шу нарсани ва янги оилани топа олди. Ва у бундан хурсанд. У хурсандми, демак биз ҳам хурсандмиз.

Биз Асенсио, Бэйл ва Винисиусга ишониб, уни қўйиб юбордик.

Клубдан кетганидан кейин у билан ҳеч гаплашдимми? Ўзаро суҳбатлар, ёзишмалар ва шу каби шахсий мулоқот бошқаларга ошкор қилинмайди.

Бу мавсумда биз дуч келган муаммолар Криштиану ўрнига муносиб номзод топа олмаганимиз билан боғлиқ, деб ўйламайман», – деди Перес Onda Cero радиосига берган интервьюсида.

Мавзуга оид