Жамият | 16:38 / 01.06.2019
91522
2 дақиқада ўқилади

ППХ ходими: «Сенинг нима ишинг бор? ГАИ ходимимисан?»

Фото: Видеодан кадр

Интернетда патрул-пост хизмати (ППХ) ходими иштирокида юз берган воқеа тасвирланган видео тарқалди.

Видеода давлат белгиси 01 475 VSF бўлган «Нексия-2» русумли хизмат машинасида кетаётган ППХ ходими йўлда яқинни ёритувчи чироқни ёқмаган ҳолда ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.

Ҳайдовчи ва унинг йўловчиси ходимга янги қоидалар ҳақида эслатган. Шу билан бирга, ППХ вакили унга: «Ўзингиз ёқиб олаверинг!» деб, ҳайдовчидан машинани тўхтатишни талаб қилади.

Қуйида суҳбатнинг тўлиқ матни келтирилади:

Ҳайдовчи: Командир, фараларни ёқиб олайлик

ППХ ходими: Ўзингиз ёқиб олаверинг

Ҳайдовчи: Нима, сизга ёқиш мумкин эмасми?

ППХ ходими: Менга мумкин эмас. Нима дейсан? Ол, чеккага!

Ҳайдовчи: Нега оламан?

ППХ ходими: Ол!

Ҳайдовчи унинг талабига бўйсунган ва ўз машинасини тўхтатган. Хизмат машинасидан ППХ ва Миллий гвардия ходимлари тушиб келган.

ППХ ходими ҳайдовчига савол билан мурожаат қилган. Суҳбат матни:

ППХ ходими: Сенинг нима ишинг бор? ГАИ ходимимисан?

Ҳайдовчи: Йўқ, шунчаки сўрадим. Қонун сизларга эмасми?

ППХ ходими: Қонунни назорат қилиш сенга эмас. Назорат қиладиган органлар бор, тушундингми?

Ҳайдовчи: Хўп, сизга нима мумкин эмасми?

ППХ ходими: Сенинг нима ишинг бор?!

Ҳайдовчи: Шунчаки сўраяпман

ППХ ходими: Мени ҳам тўхтатадиган ГАИ бор, сени ҳам тўхтатадиган ГАИ бор. Бўлдими?

Ҳайдовчи: Йўқ, сизга мумкин эмасми?

Ходим: Мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз, 10 майдан кундузги вақтда яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юрмаганлик учун ҳайдовчилар жаримага тортила бошлади. Жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 50%ини ташкил этади. Такрор содир этиш санкция миқдорига таъсир кўрсатади – ўта «ашаддий» қоидабузарларга ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида жарима солинади ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан ярим йилга маҳрум этилади

Мавзуга оид