Спорт | 13:30 / 18.06.2019
30965
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Мишель Платини ҳибсга олинди

УЕФАнинг собиқ президенти Мишель Платини ЖЧ-2022 мезбонлигини аниқлашда коррупцияга йўл қўйилгани бўйича иш доирасида Францияда қўлга олинди. Бу ҳақда суддаги манбаларига асосланган ҳолда Mediapart нашри хабар бермоқда.

63 ёшли собиқ футболчи ва собиқ амалдор Нантерредаги аксилкоррупция бошқармасига олиб келинган.

Манба маълумотига кўра, собиқ амалдор 18 июнь куни ҳибс қилинган. Текширув доирасида француз сиёсатчиси, Николя Саркози президентлиги вақтида ҳукумат таркибида бўлган, Елисей саройининг собиқ бош котиби Клод Геан ҳам сўроқ қилинган.

Маълумот учун, 2010 йилнинг декабрида ФИФА ижроия қўмитаси йиғилиши қарорига кўра 2022 йилги жаҳон чемпионати мезбонлигини Қатар қўлга киритган. Ўша вақтдаёқ инглиз матбуотида ушбу жараёнда коррупцияга йўл қўйилгани эҳтимоли бўйича текширувлар чиқа бошлаганди. Хабарларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган айрим амалдорлар Қатар вакилларидан 5 миллион доллар миқдорида пора олингани айтилганди.

ФИФА мустақил комиссияга ушбу ишни текширишни топширганди. 2014 йилда бу ишда коррупцион келишувни исботловчи далиллар топилмагани эълон қилинганди.

1980-йилларда жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган, 1984 йилги Европа чемпионати ғолиби Мишель Платини УЕФАга 2007 йилда раҳбар бўлган, 2015 йилда ФИФАнинг собиқ раҳбари Йозеф Блаттер билан биргаликда 6 йил муддатга футболдан четлатилганди. Кейинроқ бу муддат 4 йилгача қисқартирилганди.

ФИФАнинг тартиб-интизом бўйича қўмитаси қарори 2011 йилда Блаттер томонидан Платини номига 2 млн доллар ўтказиб берилгани муносабати билан чиқарилганди. Платини ва Блаттер эса бу ўтказма маош сифатида мутлақо қонуний бўлганини айтишган ва барча айбловларни рад этишганди.

Июнь ойи бошида Платини шу йилнинг октябрида 4 йиллик тақиқ тугаши муносабати билан футболга қайтишини маълум қилганди. Бу ҳақда New York Times мухбири УЕФАнинг собиқ раҳбари билан учрашувдан кейин айтганди.

У нашр мухбирига ўз номини бутунлай оқлаш ниятида эканини билдирганди. Унинг адвокатлари 4та суд инстанцияси, шу жумладан - инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилишган.

Мавзуга оид