Спорт | 06:30 / 03.09.2019
7266
2 дақиқада ўқилади

«ПСЖ» Икардини трансфер қилди

«Интер» ҳужумчиси Мауро Икарди фаолиятини «ПСЖ»да давом эттиради.

26 ёшли аргентиналик форвард «нерадзурри» билан шартномасини 2022 йилгача узайтирди ва ижара асосида парижликлар клуби сафига ўтди. 

«ПСЖ»да у бир мавсум учун 8 миллион евро миқдорида йиллик маош олади, яна 2 миллион  евро бонуслар сифатида берилиши мумкин. Французлар клуби кейинги йил ёзида футболчини 70 миллион евро эвазига сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Агар аргентиналик футболчи мавсум якунлангач «Интер»га қайтса унинг 2020/21 йилги мавсумдаги маоши 5 миллион еврони ташкил этади, 2021/22 йилги мавсумда эса – 7 миллион евро.

Икарди трансферлар дарчасининг сўнгги кунида «ПСЖ» қароргоҳига келиб, тиббий кўрикдан ўтди ва янги жамоаси билан шартномани имзолади.

Янги клубида 18 рақамли футболкада тўп сурадиган Икарди ўз трансфери бўйича фикрларини билдириб ўтди.

«ПСЖ» раҳбариятига ишонч билдиришгани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мен янги жамоамга барча турнирларда имкон қадар узоқроққа бориши учун қўлимдан келганча ёрдам кўрсатаман.

«ПСЖ» халқаро футбол кучига айланди ва сўнгги йилларда қатор кучли футболчиларни таркибга қўшиб олди.

Клуб ҳозир кўтарилиш палласида, жамоада катта амбициялар бор, мен ишонаманки бу ерда кўпроқ нарсаларга эришиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Мен гўзал ва жозибали «Парк де Пренс» стадионида майдонга тушишимни сабрсизлик билан кутмоқдаман», – деган Икарди.

Ўтган мавсум давомида ушбу футболчи «Интер» мураббийлари штаби ва раҳбарияти билан зиддиятга боргач, сардорлик боғичидан маҳрум қилинди ҳамда таркибдан вақтинча четлатилди. У жамоанинг янги бош мураббийи Антонио Контенинг ҳам режаларидан жой олмагач, клуб уни ижарага бериб юборишга қарор қилди.

Мавзуга оид