Light | 15:00 / 22.10.2019
52171
10 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг қиммат шаҳар – Сингапурга фотосаёҳат

Жуда ҳам озода шаҳарлиги алоҳида таърифланадиган Сингапур чиндан покиза кўчалари билан одамни ҳайратда қолдиради. Бу ажойиб шаҳар интернетда тасвирланганидан ҳам гўзалроқ. Чинакам осмонўпар Сингапур таассуротларини сиз билан ўртоқлашсак.

Ўзбекистон миллий жамоаси 15 октябрь куни ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Сингапурга қарши ўйинда майдонга тушди. Шу баҳонада бизга ҳам дунёнинг энг қиммат шаҳрига сафар қилиш бахти насиб этди.

Самолёт 8 соатлик парвоздан сўнг Сингапур халқаро аэропортига қўниши билан одамга гуп этиб иссиқ ҳаво урилди. Ваҳоланки, биз борганимизда соат кечаси 23:00дан ошганди. Сингапурнинг сунъий фавворалари бор аэропортига кирмадик, чунки чартер рейслар учун мўлжалланган самолёт йўловчилари бошқа ердан шаҳарга чиқишаркан.

Шу ўринда, ЎФА футболчилар учун чартер рейс ташкил қилгани жуда тўғри иш бўлганини айтиш керак. Футболчи йўловчи самолётида учса, кўп вақтини парвозда ўтказишга мажбур бўлади ва чарчайди.

«Дунёнинг энг қиммат шаҳрига хуш келибсиз»

Аэропортдан тўғри меҳмонхонага йўл олдик. У ерда ЎФА ташқи алоқалар бўлими вакиллари ва Темур Кападзе футболчилар учун барча шароитларни тайёрлаб туришганди.

Қабулхонада хонамиз учун тўлов қилаётганда Сингапур дунёнинг энг қиммат шаҳри экани афсона эмаслигига илк марта амин бўлдик. Доим табассум қилувчи ва инглиз тилида сўзлар қандай ёзилса, шундай талаффуз қиладиган меҳмонхона ходими битта хона учун 536 Сингапур доллари тўлашимизни, бу эса 402 АҚШ долларига тенг бўлишини шунчалик чиройли қилиб айтдики, гўё «Сиздан 42 минг сўм, жаноб» дегандек эшитилди.

Бу нархдан сўнг беихтиёр «Дунёнинг энг қиммат шаҳрига хуш келибсиз», дедим ичимда.

Банкоматда 450 АҚШ долларини Сингапурнинг бежирим долларига алмаштирдик, аммо бу пул ҳам хона тўлови учун етмади. Ҳалиги доим кулиб турадиган ходимнинг айтишича, банкоматдаги курс расмий курсдан фарқ қиларкан (курс фақат бизда «ўйнамас экан»).

Ёнимиздаги барча пулимизни «майдалаган» бўлсак-да, меҳмонхонада ўзбеклар кўплиги учун хотиржам ҳолда хонага кўтарилдик. Меҳмонхонадан 15 доллар қарз бўлдик ва эртага беришга келишдик (насия Осиёнинг энг бой давлатларида ҳам бор экан).

Хонамизга жойлашгач, биз билан бирга Сингапурга учган Championat.asia сайти йигитлари чақириб қолишди. Маълум бўлишича, меҳмонхона ходимлари бизни ҳам футболчилар каби эртага соат 17:00гача қолади деб, хоналарни икки кунга банд қилган экан. Чунки 12:00дан кейин меҳмонхона учун янги кун ҳисоби бошланади. Ахир Сингапурга илк марта келиб, фақат меҳмонхонада ўтирмаймиз-ку, шу сабаб хонамизни бир кунга банд қилдик ва қолган пулимизни қайтиб беришди.

Шундай қилиб, Сингапурдаги меҳмонхонада бир кеча тунаш ва эрталабки нонушта 240 АҚШ долларига тушди.

Тупурганлик учун жарима — 1 000 доллар!

Эртаси куни нонуштадан сўнг шаҳар айлангани чиқиб кетдик. Сингапур кўчаларининг тозалигига чиндан қойил қолиш мумкин. Мамлакат бундай натижага кескин тақиқлар ёрдамида эришган. Масалан, кўчага тупурган одам камераларга кўринади ва 1 000 Сингапур доллари миқдорида жарима тўлайди. Бу – 750 АҚШ доллари дегани.

Жамоат жойида сақич чайнаш, белгиланмаган жойларда чекиш ва чиқинди ташлаш жаримаси ҳам шунча. Билмасдан маҳаллий маймунларга овқат бериб қўйсангиз, 250 доллар; машина ҳайдаётиб телефонда гаплашсангиз, 500 доллар жарима тўлайсиз. Дарвоқе, у ерда уловлар чап қўл қоидасига амал қилган ҳолда ҳайдалади.

Сингапурда жаримадан қутулиб қолиш имконсиз, чунки жаримани рўйхатдан ўтказадиган одамнинг ўзи йўқ. Ҳамма ерда камера бор ва ҳаракатларингиз тўлиқ назорат қилинади. Бежизга бу мамлакат энг хавфсиз деган номни олмаган ахир.

Шаҳарни айланмоқчи эканимизни айтганимизда, меҳмонхона ходими метро хизматидан фойдаланишни тавсия қилди. Метрога тушдик ва Сингапурнинг машҳур савдо маркази Марина бэйга боришга қарор қилдик.

Сингапур метросига кирар эканман, хаёлимда бир фикр айланди: Тошкент метроси – дунёдаги энг қулай метро!

Сингапурда метрога чипта-картасини олиб киришнинг ўзи бир жараён. У ерда кассирнинг ўзи йўқ, ҳаммаси автоматлашган. Картанинг нархи ҳам бир хил эмас. Қаергача боришни хоҳласангиз, ўша бекатни босасиз ва сизга карта чиқариб беради.

Нархлар нечта станция юришингизга қараб белгиланади. Марина бэйгача бир киши ўртача 1 АҚШ долларидан тўлаб етиб олдик.

Метрода бундай системанинг йўлга қўйилганини кейин тушунгандек бўлдим. Бизнинг метрода одамлар сони кўпайиши учун ҳаракат қилинади, Сингапурда эса метродаги одамлар оқими камайиши учун шундай система ўйлаб топилган. Сиз қайси бекатгача боришингизни аниқ кўрсатиб, чипта-карта сотиб оласиз. Кейин яна ўша картани кўрсатиб, бекатдан чиқиб кетасиз.

Масалан, сиз «Ғафур Ғулом» бекатига бораман деб, «Тинчлик» бекатига келсангиз, чиқишдаги турникет сизни ташқарига чиқармайди, чунки сиз керагидан кўпроқ бекат юриб юборгансиз. Чиқиш учун қўшимча пул тўлайсиз. Бундай система метрода бекорчилар айланиб юришининг олдини олиш учун қилинган.

Хуллас, бир амаллаб Марина бэйга етиб келдик. Баланд биноларнинг гўзаллиги одамнинг ақлини шоширади. Тушунишим бўйича, бу биноларнинг кўпи – халқаро банклар. Сингапур туризмдан пул топишга унчалик қизиқмаслигига асосий сабаб айнан у ердаги бизнес марказлар ва банкларнинг кўплигида.

Сингапур кўчаларидаги ҳаво ўта тоза эканини айтиш керак, чунки у ерда деярли саноат корхонаси йўқ. Бундан ташқари, шаҳарда жуда-жуда кўп дарахт экилган. Дарахтларнинг чиройини эса сўзда таърифлаб бўлмайди.

Марина бэй атрофидаги бинолари ичида нилуфар гули кўринишидаги музей ажралиб туради. Тўғриси, бу бинони кўриб инсоннинг фантазияси чек-чегара билмаслигига амин бўлдим. Нилуфар гули кўринишидаги музейнинг пастида табиий нилуфар гуллари экилган. Уларнинг гўзаллигини расмларда кўришингиз мумкин. У ерда эсаётган енгил шабада манзарани янада ёқимли қилади.

Шаҳардаги кўприклар сонида адашиб кетишингиз аниқ. Уларнинг барчаси ўзгача дизайнда қилингани эса шаҳар бош режаси хафсала билан тузилганини кўрсатади.

«Сингапур юрагидан» яна меҳмонхонага қайтиш учун автобусдан фойдаландик. 71-автобус олтовимизни меҳмонхона яқинидаги бекатгача 9 долларга олиб кетди. Автобусга биздан бошқа йўловчи деярли чиқмади. Ҳайронман, улар қандай план топширишади.

Баҳайбат лабиринт-стадион...

Стадионга етиб боргач, унинг қанчалик баҳайбатлигини кўрдик. Жуда гўзал ва маҳобатли стадион худди лабиринтга ўхшайди. У ердан адашмай чиқиб кетишнинг ўзи бир бахт мен сизга айтсам.

Ўйин тугаганидан сўнг (ўйинга тўхталиш шарт бўлмаса керак, бу ҳақда етарлича ёздик) адашиб қолганимиз 15 октябрни ҳеч қачон ёдимиздан ўчмайдиган санага айлантирди. Стадионнинг бурилиш ва эшиклари кўплигидан чиқиш эшигини тополмай қолдик...

Шунда дунёнинг тўрт томонида ҳам ўзбеклар борлиги бизга ёрдам берди.

Меҳмонхонада бир ўзбек йигит билан танишиб қолгандик. Стадион атрофида Championat.asia журналисти Жасурбек билан тентираб юрганимизда ўша ўзбек бола бизни кўриб қолди. Сингапурда ишлаб, у ерларни беш қўлдай билиб олган ўзбек йигит бирпасда бизни стадион чиқиш жойига олиб борди. У ерда эса бизга яна бир ўзбек ёрдамга келди.

Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси вакили бизни ва яна йўл топа олмаётган бир гуруҳ мухлисларни ўз машинасида делегациядан кечиктирмай аэропортга олиб борди. Бегона мамлакатда адашиб қолиб, ўз ватандошларимиз ёрдам бергач, ўзбекларнинг борига шукур, дедик беихтиёр. Элчихона ходими то аэропортдан чиқиб кетгунимизча ўша ерда бўлди.

Ғалаба бутерброди

Чартер рейс бўлгани учун футболчилар кечки овқатни ҳам аэропортда қилишди, чунки самолёт ўйин тугашидан бир соат ҳам ўтмай йўлга чиқиши белгиланганди. Шу боис футболчилар ва Вадим Карленович билан аэропортда бутерброд еб, ғалабани нишонладик.

Тановул вақтида Саудия Арабистони Фаластин билан 0:0 ўйнагани маълум бўлди. Бўлди байрам, бўлди хурсандчилик – ахир Ўзбекистон гуруҳ етакчисига айланиб олганди-да.

Шу тариқа, Сингапурга сафаримиз якунланди. Бу ажойиб шаҳарда бир кунгина бўлдик, аммо унинг гўзаллигини кўришга, бундай ажойиб мамлакатдан ўрнак оладиган нарсаларимиз кўп эканини англашга улгурдик.

Ўз имкониятларидан максимал даражада фойдаланган Сингапур – ҳар қандай мамлакат дунёга машҳур бўла олишини, ҳар қандай мамлакат бой бўла олишининг исботи, менимча.

Бир вақтлар оддийгина мамлакат бўлган Сингапур бугун шу даражага етдики, у ердаги таксиларни кимсан Криштиану Роналду реклама қилади, Бу ерда бутикларга кириб, «Ҳеч бўлмаса, 100 долларга оёқ кийим топиладими», деб сўрасангиз, хотиржамлик билан бутун мамлакатда бу нархда оёқ кийим йўқ, деб айтишади.

Ўзига хос тақиқлари эса Сингапурни чинакам «fine city»га айлантирган. «Fine» сўзининг иккита маъноси бор: бири «жарима», бири «ёқимли». Яъни жарималар орқали Сингапур ўзи учун тоза кўчалар, тоза ҳаво ва шу орқали машҳурликни қўлга киритган. Ҳавони, тозаликни ва табиатни қадрлаганлар эса, албатта, ўзи ҳам қадр топади...

Ўткир Жалолхонов,
Муҳаммаджон Ғаниев
– Kun.uz мухбирлари.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид