Жаҳон | 20:00 / 29.10.2019
7776
3 дақиқада ўқилади

Ливан бош вазири ҳукуматга қарши намойишлар фонида истеъфога чиқди

Ливандаги намойишлар 17 октябрда бошланди. Намойишларда 2 миллионга яқин киши қатнашмоқда. Бу мамлакат аҳолисининг деярли ярмини ташкил этади. 

REUTERS/Mohamed Azakir

Ливан бош вазири Саад Ҳаририй ҳукуматга қарши норозиликлар ортидан истеъфога чиқди. У бу ҳақда телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирда эълон қилди.

Ҳаририй жонли эфирдаги чиқишини якунлаганидан сўнг президент саройига боришини ва ўз қарори ҳақида шахсан маълум қилишини айтди.

Саад Ҳаририй Ливан «боши берк кўчага кириб қолгани» ва инқироздан чиқиш учун «шок терапияси» зарурлигини айтди. У барча ливанликларни тинчликни сақлашга чақирган.

Икки ҳафтадан буён мамлакатни оммавий намойишлар қамраб олган. Намойишчилар Ҳаририй бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини, шунингдек коррупцияга қарши ҳақиқатан кураш олиб боришни, коммунал хизматларни яхшилашни ва Ливан сиёсиз тизимини яхшилашни талаб қилишмоқда.

Аввалига стихияли тарзда бошланган акциялар кўп ўтмай бутун мамлакатга ёйилди. Намойишларда 2 млнга яқин киши қатнашмоқда.

Барчаси 17 октябрь куни ҳукуматнинг янги солиқ сиёсатига қарши норозилик сифатида бошланганди, ўшанда ҳукумат давлат қарзларини камайтириш мақсадида WhatsApp ва бошқа мессенжерлардан фойдаланганлик учун ойига 6 доллар тўлаш бўйича солиқ жорий этганди. Норозилик акцияларининг биринчи кунидаёқ ҳукумат ушбу қарорни бекор қилганди, аммо намойишларни тўхтатиб бўлмай қолди.

Маълумот учун Ливан - дунёдаги давлат қарзлари энг кўп давлатлардан бири ҳисобланади.

Намойишлар туфайли 10 кундан буён банклар ишламаяпти. Шунингдек, кўплаб компаниялар, мактаблар ва университетлар ёпиб қўйилган.

«Ҳизбуллоҳ» ва бошқа ҳаракатлар намойишларга қарши чиққан, радикал кучлар намойишчиларга ҳужумлар уюштирмоқда.

Сешанба куни «Ҳизбуллоҳ» ва шиаларнинг «Амаль» ҳаракати аъзолари Байрут марказида тикланган намойишчилар лагерига ҳужум қилиб, палаткаларга ўт қўйди ва намойишчиларни калтаклади. Улар шунингдек, намойишчилар томонидан қурилган баррикадаларни бузиб ташлашди.

Полиция ва ҳарбийлар кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган ҳолда томонларни ажратиб қўйди.

 

Мавзуга оид