Ўзбекистон | 16:13 / 30.10.2019
18434
4 дақиқада ўқилади

«Ўзтрансгаз» раҳбари: Энди ресурсга кўра эмас, талабга қараб газ етказмоқчимиз

Эндиликда Ўзбекистон аҳолисига табиий газ мавжуд ресурсга қараб эмас, талабга кўра етказилиши мўлжалланмоқда. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Сайидов Kun.uz`га берган интервьюсида маълум қилди.

Суҳбат давомида «Ўзтрансгаз» раҳбари шу ва бошқа қатор мавзулар юзасидан фикр билдириб ўтди.

– Каттақўрғондаги бир неча қишлоқда магистрал газ қувури ёқасида қурилган уй-жойлар можароси 13 йилдан бери давом этмоқда. Kun.uz ҳам бу масалани ўрганган эди. Муаммонинг ечими борми?

– Мазкур масала диққат марказимизда турибди. Бу уйлар «Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент» магистрал қувури атрофида қурилган ва бу қувур жуда эскирган. 2007-2010 йилларда шу қувур атрофидаги қурилишлар юзасидан кўп тортишувлар бўлган, 12 та қурилиш бўйича компенсациялар тўлаб ҳам берилган. Аммо ҳар бир магистрал газ қувурининг ҳимоя зонаси бор, ҳажмига яраша бу зона 125, 140, 200 метргача бўлиши мумкин.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, «Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент» магистрал қувури атрофида яна 88 та ана шундай ҳолатлар аниқланган. Яъни бу фақат Каттақўрғон билан чекланиб қолмайди. Шу сабабли бу масала Сенатнинг ялпи йиғилишида кўтарилди ва ҳукуматга парламент сўрови юборилди.

Ҳукумат томонидан тузилган махсус ишчи томонидан гуруҳ магистрал газ қувурлари ҳимоя зонасидаги барча бино-иншоотлар хоҳ у қонуний, хоҳ ноқонуний бўлсин, инвентаризация қилинади ва шундан кейин уларнинг кейинги тақдири бўйича бир қарорга келинади.

Бир нарсани таъкидлашни истардим, ҳимоя зонаси бежизга белгиланмаган. Бу талабларнинг аксарияти қон билан ёзилган, улар қўлланилишига қандайдир ҳолатлар сабаб бўлган. Биз учун юртдошларимиз хавфсизлиги биринчи ўринда туради.

– Харитада юртимизга кириб келган ва чиқиб кетаётган жуда кўп газ қувурларини кўряпмиз. Кириш ва чиқиш ўртасидаги тафовут қай даражада?

– Ўзбекистон азалдан газ экспорт қилувчи давлат ҳисобланган ва биз ҳеч қачон импорт қилмаганмиз. Мамлакатимиз экспортдан ташқари транзит хизматларини ҳам кўрсатувчи давлат ҳамдир. Экспортимиз асосан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Хитой каби давлатларга йўналтирилган.

– Ўз халқимиз таъминоти-чи?

– Бу жуда муҳим масала. Биз ҳар доим ўз истеъмолчиларимизга газ етказиб беришда «Ўзбекнефтгаз»дан олинган ресурсга кўра иш қилардик. Аммо президентимиз талабига кўра бу йилдан иш услубимизни ўзгартирамиз. Энди ресурсга кўра эмас, талабга қараб газ етказиб бермоқчимиз.

Маълумки, президентимизнинг 4388-сонли қарорига кўра, «Ўзбекнефтгаз» учта жамиятга бўлинди. «Ўзбекнефтгаз» геологоразведка ва қазиб олиш ишлари билан шуғулланади. Бизнинг жамиятимиз, яъни «Ўзтрансгаз» газ транспортировкаси, транзити ва йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарга етказиб бериш, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини газ билан таъминлаш ишларини амалга оширади. Яъни энди ҳар бир йўналишнинг эгаси аниқ бўлди, аниқ масъулиятлар юкланди.

– Марказий Осиё ҳудудида бир нечта газ можаролари тўғрисидаги хабарлар тарқалган, бу тўғрида расмий маълумот берилмаган. Бу масалалар ҳам ўз ечини топяптими?

– Албатта. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак, муҳтарам президентимизнинг шахсан ташаббуслари билан Тожикистонга газ бериш 2017 йил охири – 2018 йил бошидан тикланди. Бунгача бир неча йилдан бери биз қўшниларимиз Тожикистонга газ беришни умуман ёпиб қўйган эдик. Газ узатишни тиклаганимизда у ердаги халқ, истеъмолчилар қанчалик хурсанд бўлганини ҳеч қачон яширишмайди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Суҳбатнинг биринчи қисми:

«Марказий Осиё газ тизимини Ўзбекистонда марказлаштириш керак» – «Ўзтрансгаз» раҳбари билан суҳбат

Мавзуга оид