Жаҳон | 20:44 / 06.11.2019
13592
2 дақиқада ўқилади

«Террорчиларни Ғарбда излаш керак» – Эрдўған 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ислом ва террорчилик ўртасида параллеллар ўтказувчи Ғарб давлатларини қоралади.

Фото: Reuters

«Террорчи бузуқ ғоя учун кўзини пирпиратмай бегуноҳ одамлар қонини тўкади. Мусулмон эса террорчи бўла олмайди. Ислом ва террорчилик ўртасида параллеллар ўтказувчи Ғарб ўз давлатларидаги вазиятга боқиши лозим. «Ислом террорчилиги» тушунчаси мавжуд эмас. Террорчиларни Ғарбда излаш керак», деб айтган Эрдўған Анқара университетининг диншунослик факультети ходимлари билан учрашувда.

Туркия президентининг таъкидлашича, исломни ниқоб қилиб террорчилик фаолиятини амалга оширувчилар аслида ислом дини душманлари ҳисобланади.

Эрдўған, шунингдек, ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг йўқ қилинишига тўхталиб ўтган. 

«АҚШ ал-Бағдодий ўзини туннелда портлатганини айтмоқда. Шу билан бирга ИШИД етакчисининг йўқ қилиниши катта кўламли ахборот кампаниясига айлантирилди», деб таъкидлаб ўтган Туркия раҳбари.

Унинг айтишича, Туркия аввалроқ ал-Бағдодийнинг рафиқаларидан бирини қўлга олган, бироқ бунинг атрофида шов-шув кўтармаган.

«Унинг қўлга олинганини бугун биринчи марта маълум қилмоқдаман. Туркия, шунингдек, Сурияда ИШИД етакчисининг синглиси ва куёвини ҳам қўлга олган», деб таъкидлаб ўтган Эрдўған.   

Эрдўған мухолифатчи Фатҳулла Гуленнинг ФЕТО ташкилотидан солинаётган таҳдидга эътибор қаратган.

“ФЕТОнинг мақсади ва моҳиятини тушуниш учун бу жиноий ташкилот етакчиси қаердалиги ва унга ким паноҳлик қилаётганига эътибор қаратинг”, деб айтган Эрдўған АҚШни назарда тутиб. 

Эрдўған Туркия бугунги кунда хорижнинг кучли босимига қаршилик кўрсатаётганини таъкидлаб ўтган. 

«Анқара ўтмишдагидек ўз позициядан қайтиш истагида эмас. Биз бунга йўл қўя олмаймиз ва қатъият ҳамда журъат кўрсатишимиз лозим», деб қўшимча қилган Туркия раҳбари.

Мавзуга оид