Ўзбекистон | 18:04 / 13.11.2019
4909
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Ипак йўлида туризм» халқаро кўргазмаси очилди

Бугун, 13 ноябрь куни «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуида «Ипак йўлида туризм» 25-халқаро туризм кўргазмаси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Очилиш маросимида Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз Аққулов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, туризм элчилари, хорижий экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Аққуловнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 10 ойи якунларига кўра, республика бўйича хорижий сайёҳларга жами 1,1 млрд доллар миқдорига тенг экспорт хизматлари кўрсатилган.

«Вилоятлар кесимида айтадиган бўлсак, Андижон (54 млн доллар), Наманган (41 млн доллар), Сурхондарё (38 млн АҚШ доллар) вилоятлари ҳам туризм экспортидан сезиларли даромад олишмоқда.

Бунда меҳмон уйларининг ҳиссаси беқиёс. 2 млн долларлик хизматлар айнан меҳмон уйлари томонидан кўрсатилди.

Дунёда 80 фоиздан ортиқ сайёҳлар Ипак йўли ҳақида билишади. Forbes журнали эса Ипак йўлини энг қудратли брендлардан бири эканини тан олди. Ўзбекистон Ипак йўлида алоҳида ўрин тутган бўлиб, «Ипак йўли юраги» мақомига эга. Айнан шунинг учун ҳам «Ипак йўлида туризм» кўргазмаси биз учун алоҳида аҳамият касб этади», – дейди Абдулазиз Аққулов.

Тадбирда, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Европадаги бошқармаси координатори Питер Янич, Ўзбекистоннинг Россиядаги туризм элчиси Юрий Стоянов ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари йил сайин ошиб бораётганига тўхталиб ўтди.

Мавзуга оид