Ўзбекистон | 21:20 / 29.11.2019
15230
2 дақиқада ўқилади

Профилактика инспекторларининг 55 фоизида кишан йўқлиги маълум бўлди

Ўзбекистондаги профилактика инспекторларининг 45 фоизида кишан бор. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев 29 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси олдидан парламент юқори палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Бахтиёр Бердиалиев

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев бириктирилган ҳудудида жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этилганда, жамоатчилик тартиби бузилганда, профилактика инспекторлари жиноятчи, ҳуқуқбузар ва тартиббузарларни кишансиз қандай қўлга олишини сўроқ остига олди.

«Кишани бўлмаса, жиноятчиларни қандай қўлга олади? Тартиббузарни қандай қилиб тинчитади? Нима, камари билан боғлаб қўядими?

Хизмат уйлари ўрнига профилактика инспекторларига яхши бир хизмат хонаси қилиб бериш керак эди. Сенатда ишлаётганимга беш йил бўлган бўлса, беш йилдан бери шу ҳақда айтиб келаман. «Участковой»ларнинг хонасида агрессив ҳуқуқбузар ва тартиббузарларни ҳеч бўлмаса 5-6 соат ушлаб турадиган панжарали жой бўлиши керак. То туман ИИБдагилар етиб келгунча.

Кишани бўлмаса, жиноятчини ушлаганда маълум вақт тутиб турадиган жойи бўлмаса, улар қандай қилиб зиммасидаги вазифасини бажаради?», дея Фаррух Дадахўжаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита раиси йиғилишда профилактика инспекторларини тизимли тайёрлаш йўлга қўйилмагани, ИИВ тасарруфидаги Ўзбекистоннинг 14та ҳудудида фаолият юритаётган лицейларни битирган ёшлар профилактика инспекторларига ёрдамчи бўлиб бориши режалаштирилгани, бироқ бу масала ҳам ўлда-жўлда қолиб кетгани, бу масалага зудлик билан ечим топиш кераклигини таъкидлади.

Мавзуга оид