Жаҳон | 00:24 / 08.12.2019
11293
2 дақиқада ўқилади

Туркия австриялик ёзувчи Хандкега Нобель мукофоти берилишига қарши чиқди

Петер Хандке Фото: AFP 2019 / APA/Barbara Gindl

Туркия Босниядаги мусулмонлар қатлиомини рад этган австриялик ёзувчи Петер Хандкега адабиёт бўйича Нобель мукофоти берилишига қарши. Бу ҳақда Туркия президентининг расмий вакили Иброҳим Қалин маълум қилди.

"Душанба куни Босниядаги қатлиомни рад этган ва Сербиянинг биринчи президенти Слободан Милошевичнинг тарафдори бўлган Петер Хандкега адабиёт бўйича Нобель мукофоти берилади. Бу қарор бекор қилиниши лозим. Қандай қилиб уялиш ҳиссига эга бўлмаган ахлоқсиз одамга мукофот беришингиз мумкин?" – деб ёзди у ўзининг Twitter саҳифасида.

Туркия миллий мудофаа вазирлиги ҳам бунга қарши чиқди.

"Биз ҳар қандай кўнгилчан инсон қалбига жароҳат берадиган бу тарихий хатодан воз кечилишини кутмоқдамиз, Нобель мукофоти эса яна танқид ва муҳокамалар нишонига айланмоқда", - дейилади вазирлик баёнотида.

Югославия бўйича халқаро трибуналнинг аниқлашича, 1995 йил июлда Сребреница шаҳрида босниялик серблар армияси 7-8 минг атрофидаги босниялик мусулмонларни қириб ташлаган. 

2007 йил февралда Сребреницадаги қотилликлар БМТ халқаро суди томонидан қатлиом деб тан олинган.

Мавзуга оид