Фан-техника | 14:57 / 20.12.2019
9834
3 дақиқада ўқилади

Амалга ошган стартап: энди болалар ҳам робототехника билан шуғулланиши мумкин

Тошкентда болаларга робототехника ва электроника билан шуғулланиш имконини берувчи электрон конструктор ─ Deviser стартапининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тошкент Турин политехника университети талабаси Абдулҳафиз Озодов томонидан ишлаб чиқилган Deviser электрон конструктори омма эътиборига ҳавола этилди.

19 декабр куни бўлиб ўтган тақдимот дастурида конструкторнинг қулайликлари ҳақида маълумот берилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ёшларни технология, илм-фанга қизиқтириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан доимий равишда стартаплар ва илмий ғоялар танлови ўтказиб борилади. Жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган стартаплар танловида Абдулҳафиз Озодовнинг лойиҳаси ғолибликни қўлга киритган ҳамда уни амалга ошириш учун вазирлик томонидан грант маблағи ажратилган эди. Грант ва меҳнат самараси ўлароқ болаларни робототехникага қизиқтирувчи электрон конструкторлар дунёга келди.

Deviser электрон конструктори болаларнинг робототехника соҳасидаги бошланғич билимларини ҳосил қилиш учун мўлжалланган ишланма бўлиб, унда болалар ўз қўллари билан электрон қурилмалар ясаши мумкин.

Конструктор уч тилдаги (ўзбек, рус, инглиз) йўриқнома ва ишланмавий қисмлардан иборат. Улардан фойдаланган ҳолда бола светофор, камалак, ақлли уй, сигнализация тизими, светофор каби оддий лойиҳаларни бевосита ўзи амалга ошира олади.

«Бу конструктор кичкина болада ҳам технологияга, робототехникага қизиқиш уйғотишга ёрдам беради. Аҳамиятли жиҳати шундаки, агар бола конструктордан фойдаланган ҳолда янги лойиҳа яратса, биз бу лойиҳани сотиб оламиз. Бу ҳам болани робототехникага нисбатан рағбатлантиришнинг бир йўли», ─ дейди стартап муаллифи Абдулҳафиз Озодов.

«Ёшлар турли лойиҳаларни қиляпти, уларга грант бериляпти, аммо натижаси қани, деган гапларни жуда кўп эшитамиз. Deviser грант ажратилган ва ўзининг ижобий маҳсулини кўз ўнгингизда бера бошлаган стартап лойиҳа.

Аввалига шунчаки ғоя бўлган Deviser энди халқ хизматини қилишга, биз учун муҳим бўлган соҳа ─ ёш авлодни робототехникага қизиқтиришга хизмат қилади. Deviser мисолида бошқалар ҳам фойдали ва манфаатли бўлган лойиҳаларга қўл уриш учун ташаббус кўрсатишса ажаб эмас», ─ дейди Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев тақдимотнинг очилиш қисмида.

Тақдимотда мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар ўртасида уларни робототехникага қизиқтириш мақсадида кичик танловлар ташкил этилди, ҳали жуда ёш бўлса ҳам физика ва робототехника бўйича ўз билимини кўрсатган болалар Deviser электрон конструктори билан тақдирланди.

Шунингдек, болаларнинг робототехника ва электроника бўйича ишланмаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз ғояларини амалга ошириши учун шароит яратиш мақсадида технологияларга ихтисослашган таълим муассасаларига Deviser конструкторлари тақдим этилди.

Мавзуга оид