Жамият | 12:24 / 20.12.2019
8224
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда вагондан буғдой ўғирлаётган фуқаролар ушланди

Фото: postda.uz

2019 йилнинг 7 декабрь куни 18:00лар атрофида Жиззах вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимлари Зарбдор тумани темирйўл бекатида вагондан буғдой ўғирлаётган икки фуқарони ушлашди. Ўғрилар воқеа жойидан қочишга уриндилар.

Postda.uz'нинг ёзишича, суриштирув давомида улардан бири Зарбдор туманининг Лалмикор маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган Ў.Н., иккинчиси эса шу туманнинг Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган Э.С. бўлиб чиқди.

Э.С. муқаддам ҳам ўғирликка қўл урган ва икки марта маъмурий жавобгарликка тортилган. Ў.Н. эса ҳуқуқбузарлик содир этаётган пайти маст бўлган ва ушланган чоғида жамоат жойида ўзини номақбул тарзда тутган.

Ҳолат Зомин тумани маъмурий судида кўриб чиқилди ва Ў.Н.га 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда 669 минг миқдорида жарима тайинланди. Бундан ташқари, у 167 минг 250 сўм миқдорида қамоқ харажатларини тўлайди.

Худди шундай, Э.С.га ҳам 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда 1 миллион 115 минг сўм жарима жазоси белгиланди. У ҳам қамоқ харажатларини қоплайди. Ғалла давлат эгалигига ўтказилди.

Мавзуга оид