Ўзбекистон | 12:22 / 17.01.2020
22741
3 дақиқада ўқилади

Самарқанддан кимлар сенаторликка сайланди?

Бугун, 17 январь куни Самарқанд вилояти Ёшлар марказида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидан 520 нафар депутат, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакили Худоёр Маматов таклифи билан 6-“Меҳробод” сайлов округидан вилоят кенгаши депутати Суҳроб Рафиқов қўшма йиғилиш раиси этиб тасдиқланди.

Кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига Самарқанд вилоятидан вакиллар сайлаш тўғрисидаги масала киритилди.

Қўшма мажлисда ишчи ҳайъати, тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун мажлис котибияти, Олий Мажлис Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича маслаҳат кенгаши, яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун саноқ комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан сайлаб олинди.

Маслаҳат кенгаши аъзолари Сенат аъзоларини сайлаш бўйича номзодларни кўриб чиқиш учун алоҳида хонада йиғилишди. Маслаҳатлашувдан сўнг яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун Сенат аъзолигига номзодлар бўйича таклиф ўқиб эшиттирилди. Номзодларнинг алоҳида-алоҳида эшитуви, муҳокамаси ва ёқлаб овоз бериш натижаларига кўра уларни сайлов бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг депутатлар яширин овоз бериш кабиналарида Сенат аъзолигига номзодлар учун овоз бердилар.

Саноқ комиссияси белгиланган тартибда номзодларга берилган овозларни санаб чиқиб, натижаларни эълон қилди. Унга кўра қуйидагилар кўпчилик овоз билан Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланди:

17-«Кўкгумбаз» сайлов округидан вилоят кенгаши депутати, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Зайировна Алимова;

47-“Оҳалик” сайлов округидан вилоят кенгаши депутати, “Agromir group” директорлар ассоцацияси раиси Шавкат Амонович Джалолов;

28-“Каттақўрғон” сайлов округидан вилоят кенгаши депутати, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими кенгаши раиси Хасан Норбекович Нормуродов;  

37-«Султонобод» сайлов округидан вилоят кенгаши депутати, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталарининг бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Исхакович Тошев;

2-«Афросиёб» сайлов округидан вилоят кенгаши депутати, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Оқбутаевич Турдимов;

8-«Турон» сайлов округидан вилоят кенгаши депутати, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Халмурадов Ибрагимович.       

Мавзуга оид