Жамият | 23:21 / 29.02.2020
7443
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда илк бор кўзи ожизлар учун спектакль қўйилди

Тошкент шаҳрида икл бор «инклюзив театр» амалиёти ишга тушди. Яъни кўзи ожизлар учун мослаштирилган спектакль намойиш этилди.

28-29 февраль кунлари Ёшлар давлат театрида илк бор кўзи ожиз ва кўриш қобилияти чекланган инсонлар учун мослаштирилган саҳна асарлари намойиш этилди. Саҳна асарлари томошаси учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи кўриш билан боғлиқ муаммога эга аҳоли таклиф этилган.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Кўзи ожиз инсонларнинг ҳам барча қатори маданий ҳордиқ чиқаришига имкон яратишни кўзда тутувчи инклюзив театр лойиҳаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан “Кўнгил кўзи” лойиҳаси кўмаги асосида амалга оширилмоқда.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Театрга таклиф этилганлар махсус тифлошарҳлаш қурилмалари билан таъминланган бўлиб, улар саҳнада кечаётган жараённинг овозли талқинини қулоқчинлар орқали тинглашади. Саҳна асарининг сюжети лўнда шаклда, ўз навбатида, батафсил − тингловчида тўлиқ тасаввур ҳосил бўладиган тарзда ҳикоя қилинади.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Инклюзив театрда Тимур Зулфиқоров достонига асосланган “Хўжа Насриддиннинг илк муҳаббати” (Первая любовь Ходжи Насреддина) шоуси ҳамда Наби Абдураҳмонов режиссёрлигидаги “Ихтиёрсиз табиб” (Лекарь поневоле) саҳна асарлари намойиш этилди.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси
Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Театрларда инклюзив муҳитни яратиш, уларни тифлошарҳлаш воситалари билан таъминлаш ишлари 2019 йил ноябрь ойида ўтказилган Samarkand Half Marathon хайрия тадбиридан тушган маблағлар асосида амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид