Ўзбекистон | 10:47 / 02.03.2020
49245
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яна иккита давлат билан авиақатновларни вақтинчалик тўхтатди

Коронавируснинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 1 март кунидан Афғонистон ва Эрон билан авиақатновлар вақтинчалик тўхтатилди

Фото: KUN.UZ

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Афғонистон, Эрон ва Италияда бўлиб турган ёки мазкур давлатларга боришни режалаштираётган фуқароларга маълумотнома билан чиқди. 

Қайд этилишича, COVID-19 коронавируснинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакат Транспорт вазирлиги Афғонистон Ислом Республикаси, Эрон Ислом Республикаси ва Италия Республикаси авиация идоралари ва компанияларини 2020 йилнинг 1 март кунидан бошлаб мазкур давлатлар билан авиақатновларнинг вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида расман хабардор қилди.

Билдирилишича, Ўзбекистон томони коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлашиши билан мазкур мамлакатлар авиакомпанияларининг мавжуд слотлари қайта тикланишига кафолат берилишини тасдиқлади.

Ўзбекистон фуқароларига Афғонистон, Эрон ва Италиядаги ҳолатнинг яхшиланишига қадар ушбу мамлакатларга боришдан тийилиб туришлари тавсия этилган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ТИВ хорижда, жумладан коронавирус билан оғриган беморлар аниқланган давлатлар ҳудудида бўлиб турган мамлакатимиз фуқароларига зарур ҳолатларда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.

Аввалроқ, Uzbekistan Airways авиакомпанияси коронавирус сабабли Токио ва Рим шаҳарларига ҳам парвозларни вақтинчалик тўхтатгани хабар қилинганди. 

Uzbekistan Airways авиакомпанияси 1 мартдан Жанубий Кореяга бўлган қатновларни ҳам вақтинча тўхтатган ва ушбу мамлакатдаги фуқароларини эвакуация қилишни бошлаган.

Шунингдек, 27 февраль кунидан Тошкентдан Жидда ва Мадинага рейслар тўхтатилган, у ердаги ўзбекистонликларни қайтариш учун рейслар ташкиллаштирилиши режалаштирилмоқда.

 

Мавзуга оид