Жаҳон | 09:56 / 09.04.2020
69896
4 дақиқада ўқилади

Путин пандемия муносабати билан россияликларга учинчи марта мурожаат қилди

Россия президенти Владимир Путин пандемия муносабати билан телевидение орқали россияликларга учинчи марта мурожаат қилди. Россия раҳбари бу мурожаатида коронавирус оқибатларидан жабр кўрганларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди. 

Фото: Alexei Druzhinin/Kremlin via REUTERS

“Қадрдон дўстлар! Чарчоқ тўплангани, тўрт девор орасида мунтазам қолиш кўпчилик учун оғирлигини тушунаман, бироқ бошқа танлов йўқ. Ўзини алоҳидалаш режимига албатта чидаш лозим”, деб айтган Путин кириш нутқида.

У коронавирусга қарши кураш Россиянинг навбатдаги тантанаси билан якунланишини айтган. “Ҳаммаси ўткинчи ва бу ҳам ўтиб кетади. Давлатимиз жиддий синовлардан кўп марта ўтган – Россия барчасини уддалаган. Бу коронавирус балосини ҳам ютамиз. Биргаликда барчасидан ўта оламиз”, деб қўшимча қилган Путин.  

Путин коронавирус пандемияси иқтисодиёт ва одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётгани муносабати билан бир нечта ижтимоий чоралар кўрилишини эълон қилган. Ушбу чоралардан асосийлари қуйида келтирилган.

Фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар 

Шифокорлар ва тиббий ходимларга меъёридан ортиқ юклама учун қўшимча тўловларга 10 млрд рубль ажратиш.

Коронавирусга чалинганлар билан ишловчи мутахассисларга апрелдан бошлаб 3 ой давомида қўшимча ҳақ тўланади. Шифокорлар учун бу тўловлар ойига 80 минг рублни, ўрта бўғин тиббий ходимлари учун 50 минг рублни, кичик бўғин тиббий ходимлари учун 25 минг рублни ташқил қилади. Тез ёрдам шифокорлари ойига 50 минг рублдан, фелдшерлар ва ҳайдовчилар 25 минг рублдан қўшимча ҳақ оладилар. 

3 ёшдан 7 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга тўловлар июлдан эмас, июндан берила бошланади. Бу тўловлар нафақат эҳтиёжманд оилаларга берилади, уни коронавирус оқибатида ишини йўқотган кишилар оилалари ҳам олиши мумкин.  

Ишини йўқотган кишилар оилаларидаги ҳар бир балоғатга етмаган болага ойига 3 минг рублдан тўланади.

Ишини йўқотганлар ва 1 майгача бандлик марказларига мурожаат қилганларга энг кам иш ҳақи миқдори (12130 рубль) баробарида нафақа тўланади. 

Бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар

Кичик ва ўрта бизнес корхоналарига суғурта жамғармаларига ижтимоий бадаллар тўловини ярим йилга қолдириш.

Корхоналарнинг тўловларни кечиктириш натижасида вужудга келадиган қарздорлиги корхона уни секин-аста уза олиши учун бир йилдан кам бўлмаган муддатга реструктуризация қилиниши керак.

Топшириқлар

Ҳудудларга тиббий муассасалар юқори шайлигини таъминлаш, жумладан янги қурилмалар билан ишлай оладиган мутахассислар бригадаларини шакллантириш.

Молия вазирлигига коронавирусга қарши кураш учун келиб тушган маблағларни ўз ихтиёрига кўра тақсимлай олиши учун ҳудудларга талабчанликни бўшаштириш вазифаси топширилган. Путиннинг таъкидлашича, ҳудудларга бу борада эркинлик берилади, бироқ талабчанлик ҳам юқори бўлади.

Ҳудудларга фаолияти юқори хавф мавжудлиги сабабли чекланиши керак бўлган ташкилотлар рўйхатини тузиш топширилади, қолган корхоналар санитар талабларга амал қилган ҳолда ишини давом эттира олади. Ҳар бир субъектда ҳудуднинг ҳаётини таъминлашда муҳим роль ўйновчи корхоналар рўйхати шакллантирилади.

Ҳукумат ва Марказий банк 5 кун ичида бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича дастурни тайёрлаши керак бўлади. Бу ёрдам биринчи навбатда бандликни сақлаб қолувчи корхоналарга тақдим қилиниши керак. 

Ҳукумат паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар муддатини камида 3 ойга автоматик узайтириш механизмини ишлаб чиқиши белгиланган.

“Кейинги 2-3 ҳафта ҳал қилувчи бўлади. Бу вақтда биздан барча ресурсларни мужассамлаштириш, шифокорлар тавсияларига қатъий риоя қилиш талаб этилади”, деб таъкидлаб ўтган Путин. 

“Йўқотишларсиз иложи йўқ, бироқ биз уни минимумга келтира оламиз”, деб ишонч билдирган Россия раҳбари.

Мавзуга оид