Жамият | 15:15 / 26.04.2020
19821
11 дақиқада ўқилади

Кун мавзуси: Газеталар келажаги бўйича икки қараш

Сўнгги кунларда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг коронавирус пандемиясининг ОАВ соҳасига таъсири, хусусан, газеталарнинг келгуси тақдири билан боғлиқ фикрлари турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Алламжонов пандемия ОАВга ҳам катта таъсир ўтказганини таъкидлар экан, жумладан, шундай дейди: «Фикримча, матбуот ҳам оғир жараёнлар ва оғир даврга кириб келмоқда. Газета нашрларига келадиган бўлсак, қўпол қилиб айтгим келмаяпти, аммо мен уларнинг келажагини кўрмаяпман. Бу инқирозлар бошланмаган тақдирда ҳам газеталар аллақачон ўтмишга айланганди».

Албатта, бу субъектив фикр ифодаси. Зотан, мулоҳазаларнинг биринчи шахс тилидан баён этилгани, қолаверса, шахсга ишора қилувчи модал сўзлар мавжудлиги ҳам буни тасдиқлаб турибди. Аммо газеталарнинг аллақачон ўтмишга айлангани ҳақидаги фикр соҳадаги асосий масъуллардан бирининг тилидан айтилиши унинг ҳукм ўлароқ янграшига ҳам сабаб бўлди, дейиш мумкин. Эҳтимол, шунинг учун ҳам баъзи газеталар муҳаррирлари бу гапларга эҳтирос билан жавоб қайтаришгандир.

Хўш, Алламжонов бу борада қанчалик ҳақ? Газеталар чиндан ҳам ўтмиш мулкига айланиб улгурдими?

Келинг, даставвал мана шу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Газеталарнинг келажаги ҳақидаги баҳслар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Интернет тармоғининг кўлами кенгайиб бораётган дастлабки кунлардаёқ бу масала муҳокама мавзусига айлангани бор гап. Бир пайтлар кино пайдо бўлгач, театрнинг ўлиши ҳақидаги фикрлар айтилганидек, мультимедиавий имкониятга эга интернет пайдо бўлгач, нафақат босма нашрлар, ҳатто радио ва телевидениенинг келажагига ҳам шубҳа билан қараш тенденцияси вужудга келди. Аммо вақт ўтгани сайин шубҳа найзасининг учи кўпроқ босма нашрларга қаратила бошлади. 

Бизнингча, ҳозирда газеталарнинг келажаги билан боғлиқ асосан икки асосий қараш мавжуд.

1. Оптимистик қараш

Европада чоп этиладиган айрим йирик босма нашрларнинг муҳаррирлари газеталар тарихга айланади, деган фикрга қўшилишмайди. Тўғри, бугун дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, АҚШ ва Европада босма нашрлар тиражининг пасайиши, қўшимча солиқлар, интернет билан рақобатда фаолият олиб бориш каби жараёнлар матбуотга кучли босим ўтказмоқда. Қолаверса, технологиянинг жадал ривожланиши, истеъмолчилар танловининг ўзгарувчанлиги ҳам вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Associated Press агентлигига интервью берган Европа газеталари муҳаррирлари ҳали ҳам келажакка умид билан қарашмоқда. Уларнинг фикрича, интернет медиа тараққиёти газета форматини ўзгартирса-да, бу бир таҳдид эмас, балки имкониятдир. Яъни медиа инқилоби аввалгидек чуқур ва таҳлилий журналистикага қайтиш учун имконият яратиши мумкин.

Французларнинг Le Monde газетасининг рақамли лойиҳалари ва интернет-менежери Бруно Патинонинг таъкидлашича, босма маҳсулот ва интернет орасида «аниқ фарқ» юзага келади. Яъни газеталар чуқур таҳлилларга эътибор қаратиб, ўз аслига қайтади ва янада элита-хослик касб этади. Интернет нашрлари эса кўпроқ янгиликлар, тезкор хабарлар беришга ихтисослашади.

Италиянинг Correra della Sera нашрининг интернет муҳаррири Марко Прателлеси ҳам интернет анъанавий журналистикага қайтиш учун имконият берадиган воситадир, деган фикрда. Прателлеси интернетдаги янгилик нархи босма нашрларга қараганда арзонроқ эканлигини ва босма нашрларда бу жойни реклама учун ажратиш мумкинлигини эслатиб ўтади.

Times of London нашрининг рақамли медиа нашриётчиси Зач Леонарднинг сўзларига кўра, интернет босими «эски» журналистларни янги «фокус»ларни ўрганишга мажбур қилади ва газеталар мультимедиа порталларига айланади.

Турк журналисти Гарбис Кешишўғли эса рақамли инқилоб натижасида вужудга келган ўзгаришларни рақамли имкониятларга айлантира олган ақлли газетачилар «Босма матбуот ўладими?» деган саволни кечиктиришга муваффақ бўлишади ва улар «гибрид матбуот»ни яратишади, деган фикрда. Яъни бунда босма матбуот ўз мантиғини сақлаб қолади ва рақамли инқилобнинг имкониятларидан фойдаланади. Шу асно уларнинг иккиси бир-бирини тўлдиради ва ривожлантиради.

Таъкидлаш жоизки, бугун рақамли инқилобга қарамай, Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва Узоқ Шарқда босма тираж ва реклама ҳажмини тобора ошираётган газеталар ҳам мавжуд. Масалан, Покистонда Dawn медиагуруҳи тобора ортиб бораётган тиражини қондириш учун доимий равишда тонналаб қоғоз буюртма қилмоқда. Бироқ бу давлатларни АҚШ ва Европа билан таққослашга уриниш у қадар тўғри бўлмайди, албатта. Чунки юқоридаги давлатларда эндигина шакллана бошлаган ўрта синф гарчи смартфонлар бўлса-да, босма газетани ўқишни афзал кўради. Улар учун ташқарига чиқиш, газета олиш ва бир финжон кофе билан янгиликлардан хабардор бўлиш – бу ўзига хос тонгги маросимдир.

«Danilo & Black» дизайн компанияси раҳбари Рогер Блакнинг фикрича, газеталар минг йилдан кейин ҳам нашр этилади. Рақамли оммавий ахборот воситалари ва босма оммавий ахборот воситалари узоқ вақт дўст бўлиб қолади. Эҳтимол, яна 1000 йил... Қачонки ОАВсиз алоқа қура олсак, яъни, масалан, бирор романни кўрганимиз ҳамон уни хотирамизга жойлай олсак, ўшандагина газеталар йўқ бўлиб кетиши мумкин.

2. Пессимистик қараш

USC Анненбергдаги рақамли келажак маркази асосчиси ва директори Жеффри Коулнинг фикрича, бугунги одамлар аввалги одамларга қараганда янгиликларга кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Аммо улар ахборот олиш учун газета варақламайдилар. Шунинг учун газеталар сони ва тиражлари муттасил камайиб бормоқда. Эндиликда газета ўзининг бирор ўқувчисини йўқотса, унинг ўринини бошқа ўқувчи билан тўлдира олмайди.

Тан олиш керак, Ўзбекистонда ҳам ҳолат ҳавас қилгулик даражада эмас. Матбуотчилар «Газета ўқийдиган одам қолмади» деб нолиса, одамлар «Ўқийдиган газета қолмади» деб ёзғирмоқда. Ҳар икки томон ҳам ўзича ҳақ. Мавжуд вазият эса бизни масала юзасидан жиддий мушоҳада қилишга ундайди.

Бугун босма нарлар моделларини ўзгаришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Буни инкор этиш тўғри бўлмайди. Нафақат биз, балки бутун дунё бу масалада ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Бу давр бироз беқарор ва у мослашиш жараёни билан боғлиқдир.

Хўш, нима қилиш керак?

Бугун таҳририятларимиз 3 нарсага эътибор қаратишлари лозим:

  1. Чуқур таҳлилий мақолалар ёрдамида аудиторияни қайтариш;
  2. Реклама ва даромад моделларини тубдан ислоҳ қилиш;
  3. Рекламада визуал воситалардан максимал фойдаланиш, график дизайн аҳамиятини ошириш.

Сoogle мутахассислари ҳам матбуот келгусида барқарор бўлиши учун учта соҳада янгилик яратиши кераклигини таъкидлашмоқда: тарқатиш, жалб қилиш ва пул ишлаш.

Times газетаси бош муҳаррири Георге Брокнинг айтишича, технологиялар туфайли вариантлар кўпаяди, аммо ўз брендига сармоя киритганлар ҳар қандай форматда ҳам омон қолади. Olive Software вице-президенти Шуан Даилнинг фикрича, газеталар ахборотларини тезда рақамли маконга узатишлари лозим. Газеталар келажакда ҳам яшайди, аммо технология билан форматини ўзгартиради. Охир-оқибат, эҳтимол, 30-35 йилдан кейин қоғоз йўқолиши мумкин. Газеталарнинг келажаги электрон сиёҳ ва электрон қоғозда бўлади. Шу сабабли, таҳририятлар янги технологияларга мос келадиган рақамли платформаларни қўллашга тезда киришишлари керак.

Шу ўринда яна Алламжоновга қайтамиз. У ҳозирги ҳолатни тўғри прогноз қилиш ва янги шароитга тўғри мослаша олиш тарафдори. Фақат ният ҳар қанча холис бўлмасин уни ифода этиш тарзи тўғри бўлмади, назаримда.

Масала босма нашрларимизни қийин вазиятдан қутқариш. Комил Алламжонов айтмоқчи, етказмоқчи бўлган асосий фикр ҳам газеталаримизнинг интернетга мослашиш орқали тезроқ оёққа туриб олишини таъминлашдан иборат. Тан олиш керак, бу бутун дунёда кузатилаётган тенденция. Зотан, бугун эски иш услубида давом этиш эртага бундан-да мураккаб вазиятларнинг туғилишига сабаб бўлади.

Мана шундай шароитда босма нашрларимиздан янгиликка очиқ бўлиш, экспериментларни қўллашдан чўчимаслик талаб қилинади. Маслан, The New York Times журналистларни ўз мақолаларини видео ва аудио таркиб билан бойитишга чорламоқда ҳамда ушбу мавзу бўйича тренинглар ўтказмоқда. АҚШ ва Европадаги айрим медиа компаниялар эса реклама даромадлари учун кўпроқ веб-сайтлардан фойдаланиш усулларини изламоқда.

Соҳа мутахассислари ҳам келажакда газеталар уларнинг веб-сайтлар ва мобил қурилмалар (смартфонлар, ipad ва бошқалар) орқали фойдаланувчиларга тарқатилишини таъкидламоқда. Ушбу даврни яхшилаш учун газеталаримиз рақамли муҳитда ўқувчиларга янада кўпроқ интерфаол муҳитни таклиф қилишлари лозим. Бошқача айтганда, улар ўқувчиларни фойдаланувчиларга айлантира олишлари лозим. Шундай қилиб, фойдаланувчидан олинадиган ўртача даромад босма газеталардаги кўрсаткичларга яқин бўлади. Шу билан бирга, ўқувчилар ҳиссалари билан матбуот янада демократлашади.

Бугун Американинг The Wall Street Journal, The New York Times, Англиянинг The Financial Times ва Daily Mail нашрлари «гибрид газета»лар сифатида фаолият олиб бормоқда. Ушбу газеталар «босма+рақамли»нинг барча имкониятларидан фойдаланган ҳолда, босма нашр рекламаларидаги йўқотишни рақамли соҳадаги реклама билан тўлдиришяпти. Албатта, ҳамма газета таҳририяти ҳам «гибрид матбуот» харажатларини қоплаш имкониятига эга эмас. Шундан келиб чиқиб, ҳозириги шароитда фойда бериши мумкин бўлган баъзи тавсияларни келтириб ўтишни лозим топдик:

  • вазиятнинг оғирлигини кечиктирмасдан англаб, замонга мос қадам ташлаш;
  • рекламадан ташқари янги даромад манбаларини ахтариш;
  • реклама берувчиларга кўпроқ ва тўғридан тўғри хизмат кўрсатилишини таъминлаш. Бунинг учун барча каналларни фаоллаштириш;
  • «гибрид матбуот»га ўтиш жараёнида рақамли технология соҳасидаги тажрибали мутахассислар ёрдамидан фойдаланиш;
  • имкон туғилгани ҳамон газетанинг махсус мобил иловасини яратиш;
  • сифатли контент тақдим этилмаган тақдирда энг яхши техник имкониятлардан фойдаланиш ҳам фойда бермаслигини доимо ёдда тутиш.

Албатта, ҳал бўлмайдиган масаланинг ўзи йўқ. Айниқса, ҳамжиҳатликда иш кўрилса. Ҳозир бир-бирига аччиқ қилиш, сўзни сўзга уриш билан вазият ўнгланиб қолмайди. Мавжуд шароитдан келиб чиқиб, ечим топишга уриниш эса оқилона иш бўлади.

Сўзим охирида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг журналистлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, уларга моддий-маънавий кўмак беришдаги хизматини эътироф этган ҳолда, босма нашрларимизга бериладиган ҳар қандай моддий-молиявий кўмакни уларни рақамлаштиришга йўналтирилишини, керак бўлса, масъул ташкилотлар бирлигида мазкур йўналишда умумий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилишини, етук экспертлар иштирокида ушбу мавзуда тренинглар ташкил қилинишини таклиф қилган бўлардим. Зотан, босма нашрларимизнинг тезроқ оёққа туриб олишида бу ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Отабек Тиллаев 

Мавзуга оид