Жамият | 17:01 / 13.05.2020
33842
4 дақиқада ўқилади

Вазирлик: «Омондарада 2-босқич ишлари учун катта маблағ талаб қилинади». Аввал сарф қилинган маблағ-чи?

Сув хўжалиги вазирлиги «Омондара» паст босимли сув омборидаги уч йиллик ёриқ: қуруқ ёзишмалардан чарчаган 20 минг киши хавф остида» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

Омондара сув омбори

Муносабатда Омондара сув омборида ҳосил бўлган гирдоб аҳолига хавф солмаслиги маълум қилинган. Бу хабар вазирликнинг телеграм каналида эълон қилинди.

Аммо бизнинг ўрганишларимизда масала фақат тўғоннинг аҳолига хавф солиш-солмаслиги ҳақида бўлмаган. Хусусан, вазиятни кузатар эканмиз, кишида бир қанча оғриқли саволлар пайдо бўлади.

Биринчидан, сув омборларни қуришдан ўзи мақсад нима? Айтайлик, захира яратиб, аҳолининг эҳтиёжи кучайган, сув танқислиги ортган вақтда меъёр билан сувни тақсимлаб бериш. Исрофнинг олдини олиш. Омондарага ўхшаш сел суви билан ҳосил бўладиган ҳудудларда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва шу каби масалалар.

Афсуски, “Омондара” билан боғлиқ биргина жиҳатнинг ўзиёқ ҳудудда катта исроф ва лоқайдликка йўл қўйилаётганини ифода эта олади. Жумладан, мана, тўғон қурилаганидан буён бир мартада тўпланиши зарур бўлган 375 минг куб сув захирасини ушлаб туришнинг имкони бўлмаяпти. Бу ёғин-сочинли кунларда бир мартада 100-150 минг куб сув оқизиб юбориляпти, дегани. Назоратчиларнинг айтишича, бундай ҳолат май ойининг бошидаёқ икки-уч марта кузатилган. Март, апрель ойларидаги ёғинли кунлар эса ўз-ўзидан маълум. Буни янаям яхшироқ ҳисобини табиийки, соҳа мутахассисларига жуда яхши маълум. Ваҳоланки, ушбу сув тўғонининг қурилишидан дастлаб кўзланган мақсад ҳам сув танқис бўлган ҳудудда қўшимча 100 гектар ер майдонларини ўзлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш эди. Хўш, бу мақсадга қанчалик эришилди? Керакли сувни ушлаб туришнинг имкони бўлмаётган бир вақтда, у мақсад ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам ортиқча, назаримизда.

Иккинчидан, сув омборни қурган ташкилот – “Самарқандсувқурилишинвест” давлат унитар корхонаси тўғонда ҳосил бўлган гирдобни бартараф этиш учун бир неча марта уринган, аммо натижа йўқ. Ўз-ўзидан савол туғилади: сифатсиз сув омбори учун нега ҳеч ким жавоб бермаяпти? Нега вазирликнинг муносабатида лойиҳачи, қурувчи, буюртмачи, умуман сув омборни топшириш, қабул қилиб олишга масъул бўлганлар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган? Ҳавога совурилган маблағларнинг ҳисобини ким сўрайди?

Учинчидан, вазирлик ушбу иншоот қурилишини икки босқичли, деб изоҳ бермоқда. Иккинчи босқичга катта маблағ талаб қилиниши ва жорий йилнинг тўртинчи чорагидан бу ишга киришилиши ҳақида сўз борган. Қизиқ, бу ҳақда нега шу пайтга қадар бирор жойда қайд этилмаган? Вазирлик, лойиҳанинг иккинчи қисми, яъни 2022 йилда тугалланиши ҳақидаги “хушхабар” билан эски камчилик ва муаммолар устига тупроқ тортмаяптими? Эскисининг ҳисобини бермасдан туриб, яна давлатда қўшимча маблағ ажратилишини қандай изоҳлаш мумкин?

Тўртинчидан, муносабатда хавотирга ўрин йўқлиги ҳақида маълум қилинган. Умид қиламиз, улар ҳақ бўлсин. Чунки, “Сардоба” масаласида зарар Қозоғистонга етиб бормаслиги ҳақида ҳам биз, бизнинг мутахассисларимиз гапирганди...

Мавзуга оид