АҚШда ёзги оромгоҳлар виртуал тарзда ташкил қилиниши режалаштирилмоқда
АҚШда пандемия сабабли болалар ёзги оромгоҳларининг очилмаслиги аниқ бўлиб бормоқда. Оромгоҳларнинг кўпчилиги эса онлайн тарзда фаолият кўрсатиши ҳақида айтилмоқда. Бироқ бу баъзи оилалар учун маъқул вариант эмас.
The New York Times`нинг ёзишича, АҚШ Оромгоҳлар ассоциацияси ва YMCA халқаро ёшлар ташкилоти ёзги оромгоҳлар учун янги йўриқномалар ишлаб чиққан. Унга кўра, оромгоҳларнинг очилиш-очилмаслиги штатлар ва маҳаллий ҳокимият тавсияси билан ҳал қилинади. Бунда ўша ҳудуддаги аҳоли орасида коронавирус қай даражада тарқалгани ҳам эътиборга олинади.
Бу эса мамлакатнинг баъзи қисмларида оромгоҳлар очилиши имконсиз эканини кўрсатади. Бу ҳолатда кўпгина оромгоҳлар виртуал тарзда иш бошлашни мақсад қилган. Улар турли ижтимоий тадбирлар, ҳунармандчилик машғулотлари ва жисмоний машқларни масофавий тарзда ўтказиш имкониятларини кўриб чиқишяпти.
Албатта, бунда болаларда сайр қилиш ва чўмилиш имкони бўлмайди. Агар уй ташқарисида Wi-Fi бўлмаса, улар қўлларидаги қурилма билан ташқарига ҳам чиқа олмасликлари мумкин.
Шундай вазиятда ҳам виртуал оромгоҳлар болаларни хурсанд кайфиятда ва фаол бўлишини таъминлай олиши ёки олмаслиги, ишлайдиган ота-оналарнинг болаларига етарли парвариш бера олиш-олмаслиги сўроқ остида қолмоқда.
Кўплаб ота-оналар буларни иложсиз деб ҳисоблаяпти. Огаста шаҳрида яшовчи 3 нафар фарзанднинг онаси Ребекка Алвин ҳам шундай фикрда. У болалари экран бошқарувида ортиқ вақт сарфлашга эҳтиёж йўқлигини, бу ёзда ҳам, бундан кейин ҳам онлайн оромгоҳларга бормасликларини таъкидлайди.
Ота-оналарнинг онлайн оромгоҳларга ишонч билдирмаётганларига турли сабаблар бор. Масалан, кўпчилик болаларининг баҳорда экран қаршисида жуда кўп вақт сарфлаб бўлишганини айтмоқда.
«2 ойдан ошиқ вақт мобайнида онлайн мактаб машғулотларида қатнашган болаларим учун контент қанчалик қизиқ бўлишидан қатъи назар, ёз ҳам компьютерга боғлиқ бўлишини хоҳламайман. Яхшиси уларга кўчада ўйнашга рухсат бераман», – дейди эванстонлик 10, 8 ва 5 ёшли болаларнинг онаси Кира Коллинс.
Кўплаб ота-оналар болалар вақтининг асосий қисмини ичкарида сарфлаши мўлжалланаётган ёзги оромгоҳларга шубҳа билан қарашяпти.
«Менинг болам ташқарида бўлиши керак», деб ҳисоблайди 6 ёшли боланинг онаси Шеннон Брешер Ши. Нью-Йоркда яшовчи 4 ёшли болакайнинг онаси Сандра Албрехт эса ўзининг боғча ёшидаги боласига компьютер ёнида ўтириш эмас, кўпроқ жисмоний ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлайди.
Кўпчилик оромгоҳлар тоза ҳавода бажариладиган машғулотларни ўз жадвалларига киритаётган бўлишса-да, бунинг қандай қилиб амалга оширилишини тушуниш қийин. Чунки ташқарига чиқиш – компьютерни ўчириш демакдир.
Шундай бўлишига қарамай, ихтисослашган оромгоҳлар болаларнинг маълум кўникмалари устида ишлашга эътибор қаратмоқда. Бу эса виртуал оромгоҳ танлови мақбул вариант бўлишига ёрдам бериши мумкин, бироқ ишларни ўта эҳтиёткорлик билан ташкил қилиш лозим.
STEAM машғулотлари билан ишловчи Snapology ташкилоти асосчиси Лаура Коунинг айтишича, унинг жамоаси ўтган бир неча ой давомида 4 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган виртуал оромгоҳларни синовдан ўтказган.
Мақсад эса бу каби оромгоҳлар томонидан болаларни кунига 3 соат банд қиладиган дастур ишлаб чиқилишига эришишдан иборат.
«Ва бунинг билан ота-оналар 3 соат бемалол ўз ишларини бажаришлари мумкин бўлади», – дейди Лаура Коу.
Оромгоҳлар индивидуал ёки кичик гуруҳлардан иборат бўлиши режалаштирилмоқда. Санъат ва мусиқа оромгоҳлари ҳам виртуал ишлаши кўзда тутилган.
Интерлокен санъат оромгоҳи ҳам бу йил онлайн тарзда ишлаш ниятида, оромгоҳ инструкторлари онлайн шаклда бўлажак мусиқачи ва рассомларни виртуал дарслар, амалий ва кунлик техник машғулотлар билан таъминламоқчи.
Онлайн оромгоҳларнинг асосий муаммоси – айрим ёшдаги болаларга ота-она қарови барибир шарт бўлиши бўлишида намоён бўлмоқда.
Масалан, кичик ёшли болакайлар экран қаршисида ўтиришлари лозимлигини ва улардан тарбиячилари нима сўраётганини тушунмайдилар, оқибатда ота-оналари ҳам улар билан экран қаршисида михланиб ўтириши, машғулотларда болалари билан қатнашишлари керак.
Бундан ташқари, оромгоҳларга дўст орттириш учун борадиган болажонларга ҳам онлайн оромгоҳлар ёқмаслиги мумкин.