Ўзбекистон | 14:33 / 14.07.2020
18581
2 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши карантинга ёпилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши биноси карантинга ёпилди. Kun.uz’нинг ташкилотдаги манбасига кўра, Марказий кенгашда ишловчи ўнга яқин ходимларда коронавирус билан зарарланиш ҳолати қайд этилган.

«Кеча бу ҳақда хабарлар тарқалгандан кейин биномиз карантинга тўлиқ ёпилди. Афсуски, касаллик билан зарарланиш ҳолати жуда кўпайиб бормоқда. Мен билганларим ўнга яқин ходимлар», – деди исми сир қолиш шарти билан гапирган манба.

Kun.uz мухбири хабарга ойдинлик киритиш мақсадида ташкилот матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров билан боғланди. Унинг айтишича, вирус юқтирганлиги расман тасдиқланган ходимлар сони бунчалик кўп эмас.

«Коронавирусга тест топширган ва расман тасдиқланган ходимлар икки нафар. Буни уларнинг ўзи ҳам тасдиқлади. Қолган ҳолатлар расман тасдиқланмаса бирор нима деёлмайман. Шу нарса аниқ бўлмай туриб касалланганлар кўп дейишим хато бўлади. 

Аслида Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши 10 июлдан бошлаб онлайн тарзда ишлашга ўтганди. Фақат саноқли ходимлар зарурат туфайли келиб ишлаётганди. Хабарлар тасдиқлангач кечадан бошлаб ташкилот биноси карантинга тўлиқ ёпилди», – деди Абдуқодиров.

Матбуот хизмати раҳбарининг қўшимча қилишича, вирус билан зарарланган ходимлардан бири ташикилот биносига келиб, яна бири эса онлайн тарзда ишлаётган бўлган.

Бугун шунингдек, янги ташкил қилинган Ёшлар ишлари агентлиги раиси ўринбосари Дилноза Каттахонова инстаграм саҳифаси орқали ўзида COVID-19 аломатлари сезилаётганини маълум қилди.

«Бугун ўзимда ва яқинларимда унинг аломатларини кузатяпман, танишларим ҳам касалланишди.
 
Кўча-кўйда карантин қоидаларига бепарво одамлар ҳали ҳам кўп эканини кўриб хавотирга тушдим.

Энг ёмони кўпчиликда касаллик аломатларсиз кечяпти. Илтимос, ўзингизни ва яқинларингизни асранг, ниқобсиз юрманг, ижтимоий масофа сақланг. Карантин қоидаларига риоя қилинг», – деб ёзди у.

Мавзуга оид