Ўзбекистон | 11:38 / 11.08.2020
39085
3 дақиқада ўқилади

«Одамнинг устига хлор сепишнинг фойдаси йўқ» – вирусолог

«Hoshimov iqtisodiyoti» дастури доирасида Беҳзод Ҳошимов Сан-Францискодаги Калифорния университети профессори, вирусолог олим Шароф Тугизов билан «Covid-19’нинг келиб чиқиши, тарқалиши ва давоси» мавзусида суҳбат уюштирди.

- Биноларнинг кириш қисмида хлорли туннеллар қилиняпти. Унинг чеккасидан хлорли сув тушяпти. Мен ўқиган маълумотларга кўра, хлор вирусни ўлдирмайди. Шу ерда мен адашяпманми? Ёки Ўзбекистонда ҳамма ерга хлор сепилиши мақсадга мувофиқми?

- Хлор вирусни ўлдиради. Лекин [одамнинг] устига хлор сепишнинг фойдаси йўқ, чунки вирус оғиз бурундан ташқарига чиқади, ташқарига чиққанидан кейин у тарқалиб кетади. Фақат бир метр атрофидаги масофадаги одам билан контакт бўлса, вирус юқиш эҳтимоли юқори, икки метрдан кейин юқиш эҳтимоли жуда ҳам кам. 4-5 метрдан кейин юқиш эҳтимоли умуман йўқ.

Кийим-бошнинг устига хлор қилингани билан бу қанчалик самарали эканини билмадим. Айниқса машинанинг устига. Машина шинасининг устига хлор билан ишлов бериш мумкин. Асфальтда юрган вақтингизда асфальтнинг юзасига одамларнинг сўлаги тушган бўлиши, унда катта концентрациядаги вирус бўлиши мумкин. Ўшанда балки ёрдам бериши мумкин.

- Яна бир савол. Антивирус, хлорли концентратли нарсани тақиб юришибди. Ана шундай нарсани кўрдингизми, йўқми?

- Кўрганим йўқ. Лекин унинг фойдаси йўқ. Уни тақиб юрганингиз билан хлор ўзидан ўзи аэрозоль бўлмайди. Яна бир марта айтяпман, ниқоб жуда катта аҳамиятга эга.

- Вируснинг асоратлари ҳақида гапирадиган бўлсак. Вирусга чалинган одамнинг ўпкасида қандайдир ёмон нарса сурункали қолиб кетиши эҳтимоли бор дейишади. Шу ростми?

- Рост. Бу вирус кўп ўпкада фиброз чақиради. Ўпкада бронхларнинг ўрнига фибропластларга ўхшаган бириктирувчи тўқималар пайдо бўладида, тузалиб кетгандан кейин ҳам ўпканинг ҳажми кичкина бўлиб қолади. Ўпка яхши ишламагани учун калта нафас оладиган бўлиб қолади одам. Бу катта муаммони келтириб чиқаради. Қон томирларининг ичида эндотелий ҳужайралар бор, ўшалар яллиғланади. Бу бошқа органлар – юрак, буйракда ҳам муаммолар келтириб чиқаради. Хуллас, асоратлари қолиши мумкин.

Тўлиқ суҳбатни Hoshimov iqtisodiyoti’нинг Youtube’даги канали орқали кўриш мумкин.

Мавзуга оид