Ўзбекистон | 10:17 / 01.09.2020
3426
2 дақиқада ўқилади

Ички аудиторларни сертификатлашни ўзгартириш таклиф этилмоқда

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартибини  такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган. Қарор лойиҳаси Молия вазирлиги томонидан тайёрланган.

Корпоратив бошқарув жараёнида самарали ички назорат тизимини ташкил қилиш ва юқори малакали ички аудиторларни тайёрлаш мақсадида “Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом”ни тасдиқлаш ва 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга киритиш режалаштирилмоқда.

Norma’нинг ёзишича, қарор билан:

  • ички аудитор сертификатини дастлаб 5 йиллик муддатга бериш, навбатдаги муддатини 10 йилга узайтириш ва ундан кейин муддатсиз даврга бериш;
  • халқаро сертификати мавжуд бўлганда ички аудитор сертификатини беришни ва амал қилиш муддатини узайтиришни, шунингдек, 10 йилдан кам бўлмаган узлуксиз ички аудитор иш стажи мавжуд ички аудитор сертификатининг амал қилишини муддатсиз даврга узайтиришни малака имтиҳонини топширмасдан амалга ошириш;
  • «бухгалтерия ҳисоби» ва «аудит» мутахассисликлари бўйича магистр дипломига эга бўлган ички аудитор сертификатини олишга талабгорлар учун иш стажи талабини ўрнатмаслик назарда тутилмоқда.

Низом ички аудитор сертификатини бериш, амал қилишини узайтириш, тугатиш, қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш тартибини белгилайди.

Сертификат эгаси ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтади.

Низом талабгорларга малака имтиҳонини топшириш юзасидан қўйиладиган талабларни, ички аудитор сертификатини олиш учун ҳужжатлар рўйхатини, имтиҳон ўтказиш, сертификатни расмийлаштириш тартиби ва бошқаларни регламентлайди.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин. 

Мавзуга оид