Light | 07:15 / 21.10.2020
34699
4 дақиқада ўқилади

Чекишни ташлашга ундовчи фактлар

Чекиш, ичкиликбозлик сингари иллатлар қораланмайдиган жамиятлар бўлмаса керак. Лекин шу билан бирга, бу иллатлар ҳеч камаймайди, уларга ружу қўйганлар унча-мунчага бу одатларини тарк эта олмайдилар. Айниқса, чекиш одати бугунги пандемия шароитида ниҳоятда жиддий муаммога айланди.

Бу мақола чекувчиларнинг бу зарарли одатини ташлашига сабабчи бўла олиши эҳтимоли кам. Аммо чекишни энди бошлаганлар ёки тамакининг ҳидига ишқибоз бўлганлардан кимдир қуйидаги фактлар билан танишиб, сигаретга ружу қўймаслиги ҳам жуда муҳим.

Унутманг:

  • Бугунги кунда дунё бўйича 1,2 млрд нафарга яқин кашандалар бор ва уларнинг сони ёшлар ва аёллар ҳисобига ҳам муттасил ортиб бормоқда.
  • Чекишни ташлашни тасаввур қила олмайдиган ашаддий тутатувчилар миокард инфарктига учрашлари, яъни ҳақиқий азобни ҳис қилишлари билан 90 фоиздан ортиқ ҳолларда бу одатдан воз кечадилар.
  • Мунтазам чекувчиларнинг ҳар ўнинчиси саратондан вафот этади. Онкологик касалликларга учраганларнинг аксариятини чекувчилар ташкил қилади.
  • Чекиш бошқа касалликларнинг зарарли оқибатларини каррасига оширади. Масалан, юрак ёки ўпканинг чекишга боғлиқ бўлмаган касалликлари ҳам бу иллат билан бирга жуда оғир кечади.
  • «Кексаликда ақлий заифликнинг олдини олишда чекиш қўл келади», деган бемаъни тушунча сақланиб қолган. Умуман, замонавий тиббиётда чекишнинг бирор бир ижобий жиҳати тасдиқланмаган.
  • Чекишни ташлаш кўпчилик ўйлаганидек қийин нарса эмас. Бу иллатдан воз кечганларнинг 60 фоизи кейинчалик жуда осон бўлганини, билганларида анча олдин ташлашлари мумкин эканлигини айтишган.
  • Сигарет қолдиғи ҳам зарарли. У ўртача 10-15 йилда чириб битади ва унгача тушган жойини зарарлаб туради.
  • «Бир грамм никотин отни ўлдиради» деган гап бор. Бунинг яна бир тушунарли шаклини келтириб ўтиш ўринли – 5 дона сигарет таркибидаги никотин одамни ўлдиришга қодир. Яхшики организм бу зарарли моддани тўлалигича ўзлаштирмайди, йўқса шу пайтгача кашандаларнинг бари қирилиб битарди.
  • Тамаки тутуни мишьяк, формальдегид, қўрғошин, азот оксиди, аммиак каби қирқдан ортиқ канцерогенлар (саратон чақирувчилар) сақлайди. Ҳатто у безарар бўлганда ҳам кашанда вужудига сингиб кетгани ортидан келиб турувчи бадбўй ҳид барчани беҳузур қилади.
  • АҚШнинг машҳур сигарети рекламасида ковбойлар кийимида суратга тушган икки актёр ўпка ракидан вафот этишган.

Чекиш ва коронавирус

Пандемия даврида чекиш муаммоси янгича тус олди. Коронавирус дастлабки зарбани ўпкага бераркан, чекиш натижасида қуруқшаб бораётган ҳаётий муҳим аъзо нисбатан осонроқ таслим бўлади.

Бугунги кунда кўп кузатяпмиз – ўлим сабаби сифатида ўпка етишмовчилиги кўрсатилади. Бу асорат пайдо бўлишида айнан чекиш одати катта роль ўйнайди.

Нега тамаки маҳсулотлари сотуви тақиқланмайди?

Чиндан ҳам, шунча зарари бўлган бу маҳсулот сотуви нега тақиқлаб қўйилмаслиги кўпчиликни ўйлантиради. Гап шундаки, бирор давлат тамаки маҳсулотлар сотувини тўхтатса, дарҳол контрабанда бошланади, кашандалар ҳар қандай ўхшаш воситаларни чека бошлайдилар.

Яна бир муҳим жиҳат – турли давлатларда сигарет қийматининг 70-90 фоизи турли солиқлар шаклида давлат ғазнасига тушади. Яъни деярли барча давлатлар чекишни йўқотишга эмас, бу маҳсулот савдосини назорат қилиб туришга интилади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид