Light | 17:36 / 26.10.2020
52816
4 дақиқада ўқилади

Боланинг қулоғи оқишига бефарқ қараб бўлмайди – мутахассис

Бугунги кунда сайёрамиздаги ҳар минг нафар чақалоқдан икки нафари қулоқ, томоқ ва бурунда учрайдиган туғма нуқсон билан дунёга келади. Қолаверса, соғлом туғилган болалардан ҳам ҳар минг нафаридан ҳеч бўлмаса 2-3 нафари бир ёшга киргунича йиқилиб турли жароҳатлар олади.

Фото: carengrow

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шавкат Амонов билан суҳбат уюштирди.

Унда болаларда қулоқ, томоқ, бурунда туғма ва орттирилган нуқсонлар юзага келиши ҳолатлари, бурун битиши ва қулоқ оқишининг сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақидаги долзарб саволларга жавоблар берилган.

— Болаларда қулоқ, томоқ, бурунда туғма ва орттирилган нуқсонлар юзага келиши ҳолатлари кўпайиб боряпти. Бунинг сабаби нимада?

— Тўғри айтасиз, болаларда қулоқ, томоқ ва бурунда учрайдиган туғма ёки орттирилган нуқсонларнинг олдини олиш ва самарали даволаш тиббиётнинг доимий муаммоси ҳисобланади. Чунки бугунги кунда сайёрамиздаги ҳар минг нафар чақалоқдан иккитаси ана шундай туғма нуқсон билан дунёга келади. Қолаверса, соғлом туғилган болалардан ҳам ҳар минг нафаридан ҳеч бўлмаса 2-3 таси бир ёшга киргунича йиқилиб турли жароҳатлар олади. Нотўғри дори-дармон истеъмол қилиши, грипп ва ўткир респиратор вирусли касалликлар натижасида эшитиш аъзоларида нуқсонлар пайдо бўлади. Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун оилаларга борганингизда ота-оналарга болаларни тўғри парваришлаш, агар бола шамолласа, албатта, шифокор кўригидан ўтказгандан кейингина дори-дармон бериш зарур.

Халқимиз тилида тумов, тиббиётда ринит деб юритиладиган касалликнинг сурункали шакли бугун кўп учрамоқда. Илмий тадқиқотлар натижасида шуни аниқладикки, беморларнинг саксон фоизида бу касалликка бурундан бошқа аъзолар, масалан, бурун атрофидаги бўшлиқлар шамоллаши, бурун тўсиғи қийшайиши, қолаверса, жигар, буйрак, ошқозон-ичак касалликлари ҳам сабаб бўлади. Бундан ташқари, ҳаводаги чанг-ғубор ва турли ўткир ҳидлар ҳам нафас йўлларида аллергик муаммолар келтириб чиқариб, тумовга олиб келиши мумкин. 

— Бурун битиши ва қулоқ оқишининг сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари нималардан иборат?

— Бурун тўсиғи деформацияси, аллергик ҳолатлар, димоғ бези катта бўлиши, шунингдек, гижжалар ҳам бурун битишига олиб келиши мумкин. Болаларнинг юзи ёки баданида оқ доғлар бор-йўқлигига эътибор қаратиш зарур. Сўлаги оқса, киндик атрофида оғриқдан шикоят қилса, болани дарҳол мутахассислар кўригига йўллаш тавсия қилинади.

Қулоқ оқиши эса отит, яъни ўрта қулоқ яллиғланиши белгиси бўлиши мумкин. Бу касаллик катталарга қараганда болаларда оғирроқ кечади. Ушбу хасталик юқори нафас йўллари яллиғланиши билан кечадиган юқумли касалликлар – грипп, қизамиқ, скарлатина сабаб юзага келиши мумкин. Касалликни ўз билганича даволаш, қулоққа ҳар хил ёғлар томизиш, қулоқни ковлаш қулоқ пардасига зарар етказиши мумкин. Бемор, албатта, ЛОР шифокори назорати остида даволаниши мақсадга мувофиқ.

Касаллик қайталанмаслиги учун совқотиш ва шамоллашдан эҳтиёт бўлиш керак. Болани чўмилтираётганда сув кирмаслиги учун қулоғига вазелинли пахта тиқиш керак. Аксарият оналар бундай вазиятда боланинг қулоғига пахтанинг ўзини тиқади. Ҳолбуки, пахта сувни ўзига шимиб ичкарига ўтказади. Бу бола соғлиғи учун жуда зарарли. Қулоқдаги оғриқ ёки суюқлик ажралиши билан кечадиган касалликлар ўз вақтида даволанмаса, менингит, сепсис, ҳатто мия тўқимаси абсцесси каби оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шу боис боланинг қулоғи оқишига бефарқ қараб бўлмайди.

Мавзуга оид