Light | 20:36 / 28.10.2020
70925
4 дақиқада ўқилади

Энг камёб касалликлар

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш, зарарли одатлардан йироқ юриш, шифокор кўригидан мунтазам ўтиб туриш саломатлик учун жуда зарурлиги бот-бот такрорланади. Аммо шундай касалликлар борки, бу чораларнинг бирортаси уларнинг олдини ола билмайди. Яхшики, бу касалликлар жуда кам учрайди ва чуқур тадқиқотлар олиб борилишига қарамай ҳануз самарали давоси топилмаган.

Фото: Global Look Press/Christian Vorhofer

Моргеллон касаллиги

Бу касалликни 2002 йилда америкалик шифокорлар расман қайд этдилар. Касаллик кечишининг ўзига хос хусусияти шундаки, бемор ўз териси остида юзлаб ҳашаротлар, чувалчанглар ва турли қуртлар юргандек ҳис қилади ҳамда бунинг сабабини сира тушунтира олмайди.

Дастлаб шифокорлар бу ҳолатга психик муаммо сифатида қараганлар, аммо беморлар терисидаги қичишиш, шишлар, қизаришлар ва мушакларнинг узлуксиз қисқариши кузатилганидан кейин янада кўпроқ ўрганишга мажбур бўлганлар.

2012 йилга келибгина бу белгилар руҳий касаллик белгилари эканлиги бўйича узил-кесил хулосага келинди.

Хатчинсон касаллиги (прогерия)

Прогерия ёки Хатчинсон касаллиги — камёб касалликлар орасида энг машҳури. Туғма генетик аномалия туфайли бу касалликка чалинган инсонлар меъёрдагига нисбатан 8 баробаргача кўпроқ тезликда қарий бошлайдилар. Аммо эътиборли жиҳати, тана ҳар қанча кексаймасин, ақл болаликдагича қолади.

Аксарият ҳолларда бундай болалар 12-13 ёшгача нобуд бўладилар. Бироқ Японияда бу касалликка чалингани ҳолда 45 ёшгача яшаган инсон ҳам бор. Дунё бўйича 80тага яқин қайд этилган бу касаллик ўғил болаларда қизларга нисбатан икки баробар кўп учрайди.

Бундай бемор Ўзбекистонда, Андижон туманида ҳам бор.  

Балиқ ҳиди синдроми

Бу касаллик нисбатан кўп учрайди, балки мана шу сатрларни ўқиётган муштарийлар орасида ҳам кимдир баданидан балиқ ҳиди анқиб турадиган одамни учратган ҳам чиқар. Синдром ҳам ҳолатни айнан ифодалаган ҳолда номланган – балиқ ҳиди синдроми (фан тилида — триметиламинурия).

Бу генетик патологиянинг ўзига хос жиҳатида жигар триметиламинларни қайта ишлай олмай қолади. Бу модда ўткир ва ёқимсиз ҳиди билан ажралиб туради. Натижада бутун танадан бадбўй таралиб туради. Бу касалликнинг ҳам самарали давоси топилмаган.

Оғриқни сезмаслик

Бир қарашда муаммо эмасдек туйиладиган бу синдром ҳам инсон учун жуда хавфлидир. Бу, айниқса, болаларда оғир кечади. Суяклари синар даражада йиқилган болалар ҳам бу касаллик туфайли жилмайиб тураверганлари қайд этилган. Дунё бўйича бир неча юз шундай инсонлар мавжуд. Одатда ёш улғайгани сари оғриқ пайдо бўлади ва катта ёшлиларда деярли учрамайди.

Куру касаллиги

Янги Гвинеядаги форе қабиласида кўп учровчи бу касаллик жуда оғир ва шиддатли кечади. Унинг давоси топилмаган. Бемор дастлаб жуда кучли бош оғриғидан азият чекади, кейин иммунитет кескин тушиб кетади, энг оғир белгиси сифатида асаб ҳужайраларининг емирилиши кузатилади ва бунинг асорати сифатида оёқ-қўллар инсонга бўйсунмай қолади.

Бемор одатда бир йил ичида кучли оғриқлардан азобланиб, юрак ва ўпка етишмовчилигидан вафот этади.

Патологик уйқусизлик

Уйқусизлик туфайли ўлим топиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Аммо камёб касаллик сифатида қайд этилувчи патологик уйқусизлик кўп ҳолларда ўлимга олиб келади. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бошлаб ўрганила бошланган бу касаллик сабабчиси 20-хромосомадаги мутаген жараёнлар эканлиги аниқланган.

Касаллик ярим йилдан бир неча йилгача давом этиши мумкин. Бир неча ўн кишида қайд қилинган бу касалликка чалинганлар одатда организмнинг ҳаддан зиёд толиқишидан вафот этадилар.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид