Спорт | 01:02 / 03.11.2020
6550
2 дақиқада ўқилади

Европа чемпионати 12та давлат ўрнига бир давлатда ўтказилиши мумкин – УЕФА

Фото: EPA

2021 йил ёзида Европанинг 12 та давлатида ўтиши режалаштирилган футбол бўйича Европа чемпионати пандемия сабабли биргина давлатда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда УЕФА матбуот хизматида маълум қилинди.

Аввалроқ Le Parisien француз нашри УЕФА Европанинг бир қатор давлатларида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли мусобақани бир давлатда ўтказиш имконини ўрганаётганини маълум қилган. Маълумотларга кўра, УЕФА мусобақани ўтказишга асосий даъвогар сифатида Россияни қарамоқда. Ташкилот бунда Россия 2018 йилги жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказганини инобатга олган.

“Айни вақтдаги режамиз Европа чемпионатини режалаштирилган вариантда ўтказишдан иборат. Аммо у 12 та давлатда эмас, 11 та, 8 та, 5 та ёки умуман битта давлатда ўтиши мумкин. Биз ҳозир вазиятни баҳоламоқдамиз. Ҳозирча ҳеч қандай ўзгаришлар муҳокама қилинмади. Бунда эпидемиологик вазият қандай тус олиши, давлатлар ўртасида парвозлар қандай амалга оширилиши ва ҳукуматлар қандай муносабат билдиришини ҳисобга олиш муҳимдир”, – деб айтилган УЕФА матбуот хизматида.  

Европа чемпионатининг Россияда ўтадиган қисмининг ташкилий қўмитаси раҳбари Алексей Сорокиннинг таъкидлашича, у УЕФАнинг мусобақани тўлиқ Россияда ўтказиш режасидан бехабар.

Европа чемпионати дастлабки режага кўра, Европанинг 12 та шаҳри: Санкт-Петербург, Лондон, Мюнхен, Боку, Рим, Бухарест, Дублин, Копенгаген, Бильбао, Глазго, Будапешт ва Амстердамда 2020 йил ёзида ўтказилиши керак эди. Бироқ пандемия сабабли мусобақани 2021 йилнинг 11 июнидан 11 июлигача ўтказишга қарор қилинган.

 

Мавзуга оид