Ўзбекистон давлат ташқи қарзи камайтирилган ҳолда айтиляптими?
Ўзбекистон давлат ташқи қарзи аслида қанчани ташкил этади? Нега хусусий ташқи қарз ҳисоботларда давлатнинг ташқи қарзидан ажратилган?
Ўзбекистон ташқи қарзи 27 миллиард долларли чегарадан ўтди, бу ўсиш келгуси йилда ҳам кузатилади. Жорий йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистон ташқи қарзи 27,6 миллиард долларни ташкил этган. Шундан, 17,5 миллиард доллар қисми давлатнинг ташқи қарзи бўлиб, 10,1 миллиард доллар ташқи қарз хусусий сектор зиммасига тўғри келган.
Иқтисодчи Одил Олимжонов Kun.uz’га берган интервьюсида ташқи қарз ва унинг турларини қуйидагича ифодалайди:
«Ташқи қарз – бирор-бир мамлакат бошқа мамлакатдан ёки бошқа мамлакатдаги компаниялардан, банклардан, хусусий ташкилотлардан оладиган қарз ҳисобланади. Ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарз. Кўпинча бу иккисининг фарқини тушунмасдан умумий қарз ҳақида гап кетади. Бу нарса бир тарафдан тўғри. Аммо бошқа тарафдан унчалик тўғри эмас. Чунки Ўзбекистоннинг бир компанияси хусусий йўл билан, қайсидир соҳа бўйича, четдан қарз олган бўлса, қарз масъулияти ўша компаниянинг зиммасида бўлади», — деган у.
Ҳақиқатан, ҳукумат кафолати остида ёки давлат олган қарзлар давлатнинг ташқи қарзлари ҳисобланади. Булар қўшилиб, яъни давлат қарзи билан хусусий капитал қарзи қўшилиб, умумий ташқи қарз тушунчасини ҳосил қилади.
Айни пайтда, хусусий секторга хориждан жалб этилган қарзнинг 45 фоизи банк, 44 фоизи эса нефт-ёқилғи секторига тўғри келади. Яъни расмийлар хусусий ташқи қарз сифатида кўраётган 10,1 миллиард долларнинг 86 фоизи давлат улушига эга йирик энергетика компаниялари ва банклар томонидан жалб этилган. Ҳужжатларда бу корпоратив қарз сифатида эътироф этилса ҳам, амалда бу давлат бошқаруви ва улуши билан фаолият олиб бораётган компаниялар қарзи ҳисобланади. Мутасаддиларнинг бу масалада қарашлари эса бироз фарқланади.
«Методологиядан келиб чиқиб тушунтирсак, агар давлат корхонаси ёки давлат улушига эга корхона ташқаридан қарз жалб этса, бу қарз давлатники эмас. Бу қарзни аслида Марказий банк тегишли сектор ё институционал тармоқда кўрсатади», — дейди Марказий банк департаменти директори ўринбосари Отабек Тожиддинов.
Иқтисодчи ва молиячилар шу ўринда бир саволни очиқ қолдирмоқда: агар хусусий сектор сифатида кўрилаётган давлат банк ва компаниялари жалб этган ташқи қарзга хизмат кўрсатиш қобилиятини йўқотса, қарзни ким қайтаради? Қарз компаниянинг уставдаги пуллари ё балансдаги активлари орқали қайтариладими? Шунда давлат корхонанинг қарз мажбуриятини зиммасига оладими?
«Бу тарафдан қаралса, тўғри. Давлатнинг 4та ё 5та банки мана шу қарзнинг 45 фоиз улушини ташкил этяпти. Аммо қарзлар ўша банклар кафолати остида жалб этилгани учун, қарзни ҳисоблаш методологик асоси сифатида шу омил инобатга олинади», — дейди Марказий банк департаменти директори Жасур Файзуллахўжаев.
Отабек Тожиддиновнинг қайд этишича, корхоналарнинг тўлов қобилияти ёмонлашиб, қарзга хизмат кўрсатиш қобилияти йўқолса, ушбу қарз реал сектордаги корхоналар таркибидан олиб, давлат кафолати бошланса, қарз давлат секторига ўтказилади.
Шунга қарамай, бир нечта саволлардан кейин аён бўладики, давлат ташқи қарзи статистикасини тартибга солишда ҳукумат кафолати бўлган ё йўқлиги эмас, балки уставдаги улуш кимга тегишли эканига эътибор қаратиш лозим.
Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.
Мавзуга оид
16:56 / 07.12.2024
Хитой кредитларининг иккита асосий хавфи айтилди
19:22 / 05.12.2024
2024 йил учун ташқи қарз лимити 5 млрд доллардан 7,3 млрд долларга оширилган
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
17:21 / 29.10.2024