Light | 13:15 / 13.12.2020
107837
5 дақиқада ўқилади

Йил якуни учун мутолаа: Билл Гейтс 5та китобни тавсия қилди

Microsoft асосчиси Билл Гейтс ўзига хос воқеалар билан унутилмас кечган 2020 йил якунида мутолаа қилиш учун ўз шахсий тавсияларини тақдим қилди.

Фото: Gatesnotes.com

«2020 йил мураккаб кечди. Йил мобайнида китобсеварлар турли йўналишдаги китоблар мутолаасига берилишди. Бу йилда гоҳо «Қора танлилар ҳаёти қадрли» (Black Lives Matter) қаршилик ҳаракатлари асосида ётувчи адолатсизлик каби мураккаб мавзуларга шўнғигим келди. Гоҳида эса секинроқ суръат керак эди, кун охирида енгилроқ нарсалар мутолаа қилдим.

Натижада кўплаб ажойиб китобларни ўқиб чиқдим. 2020 йил ўз ниҳоясига етар чоғда турли мавзулардаги беш китобни ўқишни тавсия қилмоқчиман. Йилни яхши кайфиятда якунлаш учун ўзингизга мос китобни топа оласиз, деган умиддаман», деб ёзади у.

«Янги Жим Кроу: дальтонизм даврида оммавий ҳибс». Муаллиф – Мишель Александер

(The New Jim Crow: Mass Incarceration in the Age of Colorblindness)

Китоб оқ танлилардан фарқли жамиятлар, хусусан, қора танлилар жамиятининг жиноий суд тизими томонидан адолатсизларча таъқиб қилинишини фош қилади. Айниқса, оммавий қамоқлар тарихини жуда яхши тушунтириб беради.

«Китобни ўқиб, бизга ҳукмлар чиқаришда адолатлироқ ёндашув кераклигига ва рангли жамиятлар ҳимоясига кўпроқ инвестиция киритиш лозимлигига ишонч ҳосил қилдим», дейди Гейтс.

«Диапазон: ихтисослашган дунёда нега универсаллар ғалаба қилиши ҳақида». Муаллиф – Дэвид Эпнштейн.

(Range: Why Generalists Triumph in a Specialized World)

Китоб гўёки тобора торроқ ихтисослашув талаб этилаётган дунёда аслида «кенг дунёқараш, турфа соҳалардаги тажриба ва қарашларга эга» инсонлар кераклиги ҳақида ҳикоя қилади.

Унда профессионал теннисчи Роджер Федерердан тортиб совуқ уруш даврида совет масалалари бўйича экспертларгача мисоллар келтирилган.

«Китоб Microsoft'нинг айрим муваффақиятларини изоҳлашга ҳам ёрдам беради. Чунки биз ўз соҳасида ва бошқа барча соҳаларда ҳақиқий билимга эга инсонларни ёллардик. Кенг профилдаги мутахассис бўлсангиз-у, тор доирадаги ихтисослашган ҳамкасбларингиз соясида қолаётгандек ҳис қилсангиз, китоб сиз учун», – дейди китоб ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашган Гейтс.

«Буюклар ва жирканчлар: Блиц тўпбўрони пайтидаги Черчилл, оила ва итоатсизлик ҳақида сага». Муаллиф – Эрик Ларсон.

(The Splendid and the Vile: A Saga of Churchill, Family, and Defiance During the Blitz)

Германия Англияни бомбалар билан забт этмоқчи бўлган, инглизлар тунларни ертўла ва метро станцияларида ўтказган 1940–1941 йиллар. Китоб шу ҳақда.

Гарчи бу йиллар даҳшатлироқ бўлса-да, инглизлар ҳис қилган қўрқув ва ваҳима COVID-19 пандемияси давридаги бизнинг ҳолатимизни ёдга солади. Ларсон даҳшатли уруш даврида оддий фуқароларнинг ҳаёти қандай бўлганини аниқ тасвирлаб беради.

Эрик Ларсон бу китобида инқироздан чиқиб кетган Уинстон Черчилл ва унинг маслаҳатчилари каби бир қанча британ етакчиларининг ҳаётини ҳам ҳикоя қилади.

«Айғоқчи ва хоин: совуқ урушдаги энг оламшумул жосуслик ҳикояси». Муаллиф – Бен Макинтайр.

(The Spy and the Traitor: The Greatest Espionage Story of the Cold War)

Ҳужжатли асар британларга агентликка ёлланган КГБ офицери Олег Гордиевский ва уни сотган америкалик сотқин Олдрич Эймс ҳақида сўзлайди. Муаллиф асарни яратишда нафақат ғарб манбалари (хусусан, Гордиевскийнинг ўзи), балки рус манбаларига ҳам таянади.

«Тузли нафас: давосиз генетик касаллик, фандаги янги давр, тиббиётни ўзгартирган беморлар ва оилалар». Муаллиф – Биджал П.Триведи

(Breath from Salt: A Deadly Genetic Disease, a New Era in Science, and the Patients and Families Who Changed Medicine)

Асар фиброз ўсимтаси билан касалланган беморлар ва уларнинг оилалари ҳаётини яхшилаган ажойиб илмий инновациялар ҳақида маълумот беради.

«Китобда тилга олинган дорилар ҳақиқатда ёрдам берган оилаларни ўзим шахсан танийман. Яқин йилларда бу каби китобларни кўплаб кўрамиз, деб ўйлайман. Чунки биотиббиёт юқори суръатларда ривожланиб бормоқда», – дейди Microsoft асосчиси.

Мавзуга оид