Жаҳон | 15:01 / 10.02.2021
11287
2 дақиқада ўқилади

Бишкекда бир кун ичида икки марта мэр тайинланди

Эрмек Нургазиев ушбу лавозимга сешанба куни тайинланган, шу куни Бишкек мэри вазифасини бажарувчи Балбак Тулобаев истеъфога чиққанди.

Фото: РИА Новости

Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов мамлакат пойтахти мэри вазифасини бажарувчини тайинлади.

"Бактибек Кудайбергенов янги мэр сайлангунга қадар Бишкек шаҳри мэри вазифасини бажарувчи этиб тайинланди", - дейилади ҳукумат матбуот хизмати хабарида.

Марипов яна бир фармойиши билан "Эрмек Нургазиевни Бишкек шаҳри мэри вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисидаги қарор" бекор қилинди.

Нургазиев ушбу лавозимга сешанба куни тайинланган, шу куни Бишкек мэри вазифасини бажарувчи Балбак Тулобаев истеъфога чиққанди. 10 феврал куни мамлакат оммавий ахборот воситаларида Нургазиев қатор жиноий ишларга алоқадорлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров шу заҳоти бундай кадрлар сиёсатига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисидаги баёнот билан чиқди.

Ўтган йил октябрида президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосидан кейин Бишкек мэри вазифасига бир неча киши тайинланди. Тулобаев бу вазифада ҳаммадан кўп, икки ойдан ортиқроқ ишлади.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, мэрларни шаҳар кенгашлари депутатлари сайлайди. Бишкек шаҳар кенгашининг навбатдаги йиғилиши баҳорда ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид