Ўзбекистон | 18:25 / 08.04.2021
22631
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ИИБ ва ДСБ бошлиқларига уч ой синов муддати берилди

Навоий вилояти ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев ва вилоят ДСБ раҳбари Анвар Ботиралиевга уч ой синов муддати берилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик масалаларига бағишланган видеоселектор чоғида маълум қилди.

«Қатъий огоҳлантириш: чорак якунигача ўзгариш бўлмаса, барчаси ишдан кетади. Навоий вилояти ички ишлар бошлиғи Тасбаев ва солиқ раҳбари Ботиралиевлар лавозимига 2021 йил март ойида тайинланганини инобатга олиб, уларга 3 ой синов муддати. Ушбу янги раҳбарлар ҳам натижа кўрсатмаса, лавозимидан олинади», – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шу билан бирга, Улуғнор, Узун, Ёзёвон, Деҳқонобод туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, Андижон, Олтинкўл, Олот, Қоракўл, Оқолтин, Чилонзор, Мўйноқ туманлари, Хива ва Чирчиқ шаҳарлари солиқ идоралари бошлиқлари ҳам лавозимидан озод этилди.

Бундан олдинроқ, Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов ва вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедовга ҳайфсан берилгани, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Ҳасанов, марказий банкнинг вилоятдаги бош бошқармаси раҳбари Саидов ва вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадиев лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.

  • Маълумот учун, муқаддам Андижон вилояти ИИБ бошлиғи бўлган Азат Тасбаев 2021 йил мартида Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига ўтказилганди. Апрел ойи бошида эса Навоий вилояти давлат солиқ бошқармасига раҳбарлик қилиб келган Равшан Насимов Андижон вилояти ДСБга ишга ўтгач, унинг ўрнига Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Анвар Ботиралиев тайинланганди.
     

Мавзуга оид