Ўзбекистон | 15:17 / 28.05.2021
3899
3 дақиқада ўқилади

Аёлларнинг парламентдаги сони бўйича Ўзбекистон 37-ўринга кўтарилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 15-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева гендер тенгликка эришиш борасида амалга оширилган ишлар ва рақамлар ҳақида гапирди.

«Гендер тенгликка эришиш соҳасида 25 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди Аёлларнинг парламентдаги сони 32 фоизга етиб, Ўзбекистон дунё бўйича 37-ўринга кўтарилди. Хотин-қизларнинг сиёсий партиялардаги улуши 44 фоиз, олий таълимда 40 фоиз, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Вазирлик ва идораларда 15 мингдан зиёд кадрлар захираси шакллантирилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди, 6 нафар аёл ҳоким, бир нафари элчи этиб тайинланди», дея гендер тенглик масалалари бўйича рақамларни очиқлаган Сенат раиси.

У шунингдек, Сенатда гендер тенглик масалалари бўйича махсус қўмита фаолиятини бошлаганини таъкидлади. Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова гендер тенглик борасида ютуқлар ва тизимли камчиликларни санаб ўтди. У шунингдек, Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси билан таништирди.

«Жаҳон банкининг аёллар, бизнес ва қонун индексида 2020 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 давлат орасида 134-ўринни эгаллади.

Ютуқлар билан бир қаторда тизимли муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувига оид долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишдаги иштироки етарли эмас. Уларга бу борада жамиятдаги салбий қарашлар ҳали-ҳануз мавжуд. Таълимнинг энг кўп талаб қилинадиган йўналиши: муҳандис-техник, ахборот технологиялари, энергетика, инженеринг, ҳуқуқшунослик соҳаларида аёллар улуши ҳамон кам.

Ташқи ва ички миграциянинг гендер жиҳатлари, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш механизмлари тўғрисидаги тарғибот ишлари, медиа маҳсулотларнинг гендер экспертизаси ҳам етарли эмас.

Ҳамкор вазирликлар мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси рўйхати, уни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ва уни баҳолашнинг 60дан ортиқ мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилди», – таъкидлади Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.

Мавзуга оид