Жаҳон | 09:05 / 02.06.2021
9430
2 дақиқада ўқилади

Хитойда одамга H10N3 парранда гриппи вируси юқиши бўйича биринчи ҳолат аниқланди

Фото: Global Look Press

Хитойнинг Цзянсу провинциясида илк бор инсонга парранда гриппининг H10N3 штамми юқиши қайд этилди. 1979 йилда биринчи марта Ҳонгконгда аниқланган ушбу штамм бунгача фақат қушлардан қушларга юққан

Хитойнинг соғлиқни сақлаш масалалари давлат қўмитаси маълумотларига кўра, H10N3 билан 41 ёшли эркак касалланган. 23 апрелда эркакнинг тана ҳарорати кўтарилган ва касалликнинг бошқа аломатлари намоён бўла бошлаган. 28 апрелда эса аҳволи ёмонлашгач, маҳаллий шифохонага ётқизилган. 

Хитойнинг касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси маркази бемордан олинган намуналарни таҳлил қилиб, унда H10N3 штамми борлигини аниқлаган. 

Таъкидланишича, беморда аниқланган вирус геномининг тўлиқ таҳлили у беморга паррандадан юққанини ва одамлар орасида кенг тарқала олмаслигини кўрсатган.  

Бемор билан яқин алоқада бўлган кишилар тиббий назорат остига олинган, бироқ уларда ҳеч қандай аломатлар қайд қилинмаган. Айни вақтда эркакнинг аҳволи барқарор дея баҳоланмоқда ва умуман олганда шифохонадан чиқарилиши мумкин. 

Бунгача H10N3’нинг одамдан одамга юқиши ҳолати қайд этилмаган, қушлар орасида эса у кам юқувчан ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, вируснинг одамга тасодифан юқиши ва кенг тарқалиши хавфи паст. 

Уларнинг таъкидлашича, вируснинг бир турдан иккинчи турга ўтиши учун у катта миқдорда бўлиши талаб этилади. Яъни одам ушбу вирусни юқтириб олиши учун уни катта миқдорда ичга ютган бўлиши керак. Шунинг учун парранда фабрикаларида назоратни кучайтириш лозимлиги айтилмоқда.  

Мутахассислар, шунингдек, касалликдан ўлган ва тирик қушлар билан алоқадан қочишга, озиқ-овқат гигиенасига эътиборли бўлишга ҳамда ҳимоя чораларини кўришга чақиришган. 

H10N3 штамми илк бор 1979 йилда Ҳонгконгда, сўнгра 2011 йил Таиланддаги қуш бозорида аниқланган. Бунгача ушбу вирус одамларда қайд қилинмаган. 

Мавзуга оид