Ўзбекистон | 20:39 / 07.06.2021
12787
4 дақиқада ўқилади

Сардоба фожиасидан зарар кўрган балиқчиларга 64 млрд сўм тўланди

Kun.uz Сардобадаги сув тошқини сабаб кўрган зарари тўлиқ қоплаб берилмаётган балиқчилар муаммосини ёритишда давом этади. Техноген офатдан сўнг бир йил ўтгач, ҳисобланган зарарнинг ҳозирча ярми тўлаб берилди.

24 апрель куни «Сардоба» сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси раиси, бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида «Сирдарё вилоятида сув тошқини талофатларини бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар» мавзусида йиғилиш бўлиб ўтган.

Тадбиркорларнинг бу муаммоли масаласини ёритиб келаётган Kun.uz йиғилиш баёнини қўлга киритди.

Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан берилган ахборотга кўра, зарар кўрган 68 та балиқчилик хўжаликларига (уларнинг умумий майдони 2431 гектар) 64,5 млрд сўм зарар ҳисобланган.

Шунингдек, 94 гектар майдонга эга 3 та зарар кўрган балиқчилик хўжаликлари бўйича киритилган маълумотлар тасдиқланмагани, 1018 гектар майдонга эга 2 та зарар кўрган балиқчилик хўжаликлари бўйича етказилган зарар миқдорига Ҳукумат комиссиясининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ташкил этиш орқали аниқлик киритиш таклиф этилган.

Йиғилиш баёнига кўра, молия вазирига зарарларни қоплаш учун талаб этиладиган маблағларни республика бюджетидан босқичма-босқич ажратиш ҳамда заруратга кўра «2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритиш таклифини бериш топширилган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини 2022 йил 1 ноябрга қадар барча солиқ тўловларидан озод қилиш юзасидан 2021 йил 1 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топшириғи берилган.

Ушбу масала 25 май куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлисида кўриб чиқилган.

Сенат Кенгаши Ҳукумат комиссияси томонидан ҳисоблаб чиқилган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига етказилган зарар миқдорини қоплаш ҳамда ирригация ва мелиорация тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун зарур бўладиган маблағ – 126 миллиард сўмни республика бюджетидан босқичма-босқич ажратиш таклифини маъқуллаган.

Республика бюджетидан Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратилган 64 миллиард сўм маблағ вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг 2021 йил 10 майдаги фармойиши билан балиқчиларнинг ҳисобрақамларига ўтказиб берилган.

Kun.uz билан гаплашган балиқчиларнинг маълум қилишича, дастлаб зарар миқдори баҳолаш консалтинг фирмалари томонидан 130 миллиард сўмга баҳоланган, кейинроқ 103 миллиард сўмга туширилган бўлса-да, тадбиркорларга унинг деярли ярми 64 миллиард сўм тўлаб берилган.

Пулларини олиш учун бир йилдан буён барча ташкилотларга мурожаат қилавериб чарчаган тадбиркорлар шу пулга ҳам рози бўлиб олишганини билдирди.

Молия вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Сирдарё вилояти ҳокимлиги бошқа зарарларни ҳам ҳисоблаб чиқиб, расмийлаштиргач, қолган маблағлар ҳам қоплаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил май ойида «Сардоба» сув омбори тўғони бузилиб кетиши оқибатида юз берган фожиа Сирдарё вилоятидаги 70 дан ортиқ балиқ хўжалигининг 3 461 гектар ер майдонидаги сунъий кўл ҳавзаларига зарар етказиб, балиқлар ва ускуналарини оқизиб кетган эди.

Балиқчилар гарчи президент фармони бўлишига қарамай, масъулларнинг масъулиятсизлиги туфайли бир йилдан ортиқроқ вақтда кўрилган зарарларини ололмай сарсон бўлиб юришди.

Kun.uz воқеалар ривожини ёритишда давом этади.

Мавзуга оид