Жаҳон | 19:23 / 04.07.2021
26417
2 дақиқада ўқилади

Афғонистоннинг 13 тумани толиблар томонидан эгаллаб олинди

“Толибон” ҳаракати жангарилари охирги 24 соат ичида Афғонистоннинг 13 тумани устидан назоратни қўлга киритди.

Фото: ariananews.af

Таъкидланишича, толиблар биринчи марта қисқа вақт ичида бундай кўп сонда туманни эгаллаб олмоқда.

Жумладан, толиблар Афғонистон шимолида жойлашган Бадаҳшон вилоятида 9та ва Таҳор вилоятида 2та, шарқидаги Пақтия вилояти ва жанубидаги Қандаҳор вилоятида биттадан туманни эгаллаб олган.

ОАВ маълумотларига кўра, айни вақтда толиблар Афғонистоннинг 370 туманидан 110тасини назорат қилмоқда. 

Ўз навбатида Афғонистон мудофаа вазирлиги охирги сутка ичида мамлакатнинг 9та вилоятидаги жанглар давомида 224 нафар толиб йўқ қилинганини маълум қилган. Шунингдек, вазирликда толиблар эгаллаб олган ҳудудлар ортга қайтариб олинишига ваъда берилган.

АҚШ ва унинг иттифоқдошлари 11 сентябргача Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиши режалаштирилган. Аввалроқ америкаликлар Афғонистондаги энг йирик базаси - Багром авиабазасини тўлиқ тарк этди. Баъзи давлатлар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлаб бўлди.

Афғонистондан хорижий қўшинларнинг олиб чиқилиши ортида толиблар фаоллашуви кузатилмоқда. Улар май ойидан бери ҳукумат қўшинларига қарши катта кўламли амалиётни олиб бормоқда ва кўп ҳолатларда уларни эгаллаб турган ҳудудларидан сиқиб чиқармоқда. 

Мавзуга оид