Жамият | 17:38 / 10.07.2021
30276
6 дақиқада ўқилади

Кончилар қўрғони – Лангарда бир кун

“Лангар” қўрғони Навоий вилояти Хатирчи тумани марказидан 52 километр узоқликда жойлашган. Қўрғонча тоғ шаҳарчасини эслатади: ҳаво салқин, қулочга сиғмайдиган толлари бор. Лекин шу чекка жойда кўпвақатли уйлар қурилган, улар бир вақтлар ҳудудда ишлаган завод ва кон ишчиларининг уйлари бўлган. Жарлик ёнида тошдан қурилган уйлар қишлоққа экзотик манзара бағишлаб туради.

Ҳозир “Лангар”да яшайдиган аҳолининг асосий даромади чорвадан, лекин қурғоқчилик сабаб аҳоли даромади яхши эмас.

Чекка ҳудудда жойлашган маҳалла аҳлининг айтишича, меҳнат ёшига етган йигитлар, асосан, четдан иш излайди. Лекин бир пайтлар “Лангар” жуда гавжум, ҳамма иш билан банд бўлган.

Қўрғончага кириб боришда шундоқ йўл устида бир гуруҳ ободонлаштириш ходимлари билан учрашдик. Шу маҳалла аёллари бўлган ишчилар биз билан суҳбатда яшаб турган жойларининг ўзида иш топиш қийинлиги, шунинг учун кўпчилик хориждан иш излаши ҳақида гапириб беришди.

“Кўпчилик Тошкентга, Россияга, Қозоғистонга иш излаб кетган. Маҳаллада, асосан, ёши катталар, аёллар ва болалар қолган. Болалар оталарини кўрмасдан катта бўляпти”, – деди биз билан суҳбатда Насиба Ўролова.

Кейинги манзилимизда эса бизни қизиқ саргузашт кутиб турган экан. Маҳалла биноси олдида бизни кўрган маҳалла раиси “Лангар” МФЙ ҳудудига кириш учун ҳокимиятдан махсус рухсатнома олишимиз кераклигини, хизмат гувоҳномамиз ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини айтиб, ҳудуддан чиқиб кетишимизни талаб қилди.

Биз эса маҳалла алоҳида рухсатнома олиб кириладиган ҳудуд эмаслигини, аҳоли яшаш пунктларида камерада тасвирга олиш учун рухсат талаб қилинмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдик.

Туман марказидан узоқдаги маҳаллада раислик қилаётган Муродулла Ғаниевни ОАВ ва журналистлар ҳуқуқлари ҳақида етарлича хабардор эмаслигини тўғри тушуниш мумкин, лекин маҳалла раиси қўнғироқ қилиб боғланган Хатирчи туманининг турли ташкилотлари раҳбарларининг “Репортажга рухсат берманг” деб буйруқ оҳангида берган топшириқларини тушуниш қийин.

Хуллас, маълум тушунтиришлардан сўнг, маҳалла ҳудудида репортаж қилишни бошладик.

Кон билан бошланган тарих

“Лангар”га маҳаллий аҳолининг кўчиб келиши ХХ аср ўрталарида геолог олим Ҳабиб Абдуллаевнинг “Лангар” вольфрам-молибден конини тадқиқ қилиши билан бошланган.

Кон ишлай бошлагач, унинг атрофига маҳаллий аҳоли кўчиб кела бошлайди ва кичик кўрғонча вужудга келади.

Кон ва заводлар ишлаган йилларда “Лангар” жуда обод эди, дея эслашади ёши катталар.

“Лангарга 1957 йилда кўчиб келганмиз. Шундан бери мана шу ерда яшайман, ҳеч қаерга кетганим йўқ. Механик цехда, фабрикада, рудалар тизимида, дўконда ҳам ишладим. Олдин “Лангар” каби жой Ўзбекистонда йўқ эди. Ҳар хил миллат: корейс, немис, рус, кавказ, крим-татар, ўзбеклар бирга яшардик”, – дейди асли Тошкент вилоятида туғилган, лекин 60 йилдан ошиқ шу ерда яшаган Олимжон Гарифуллин.

80 ёшли Орзигул момо эса қўрғончага шу яқин атрофдан кўчиб келганини хотирлайди.

Ҳақиқатан, кичкина шаҳарча бўлган бу ҳудудда одамлар маданий ҳаётни яхши кўради. Олимжон амаки кексалар гурунглашадиган бирор чойхона йўқлигини танқид қилди.

Ишлаб чиқаришни тиклаш имконсизми?

Кўп қаватли уйлар қад ростлаган уйларнинг томи бир хил қизил рангда. Ҳудуд 2019 йил “Обод маҳалла” дастури асосида таъмирдан чиққан. 3 мингга яқин аҳоли яшайдиган маҳаллада мактаб, 2та боғча, шифохона ва 1та тикув цехи бор.

Тикув цехи бўлгани билан бу ерлик аҳолининг аксари ишсиз, уларнинг энг катта муаммоси ҳам ишсизлик. Асосан чорва билан шуғулланадиган одамларнинг чорвасига қурғоқчилик таъсир қилган.

Бир пайтлар Лангардаги завод ва конларда ишлаган ёши катталар уларни қайта ишлатиб аҳолини иш билан таъминлаш мумкин деб ишонади.

“Лангарда қанча-қанча тош бор: қизил гранит, оқ гранит. Ҳали 100 йилга етади. Бу ерда кичик фабрика қуришса, “Лангар”дан шпат, руда қазиб олиш мумкин-ку. Ахир бу фойдали қазилмалар ҳаммаси керакли. Кимдир жон куйдирса, мана шу ишларни қилиш мумкин”, – дейди узоқ йиллар Лангарда ишлаган Олимжон Гарифуллин.

Тасвирга олиш давомида одамлар навбатма-навбат келиб турли муаммоларини айтишди. Улар ўзлари яшаётган кўп қаватли уйлар таъмирталаблигидан, сувни ташиб келтиришларидан, шу ернинг ўзида иш топа олишмаётганларидан шикоят қилишди.

Жарлик ёнидаги тарихий уйлар

Лангардаги муаммолар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам исталганча топилиши мумкин, лекин бу ердаги турмуш тарзи ва муҳит ўзига хос.

Кўп қаватли уйларнинг тандири битта, аёллар ҳар куни навбат билан нон ёпади. Қўрғонликларнинг молхоналари ҳам бир ерда жойлашган.

Баъзи кўп қаватли уйлар шундоқ жарликнинг лабида қурилган. Уларнинг атрофида ёш болалар ўйнаб юрибди, лекин катталар болаларнинг пастга тушиб кетишидан хавотир олмайди.

Марказдан узоқ маҳаллада интернет ишлатиш тугул, ҳатто телефон қилиш имконсиз. Фақат Ucell алоқа оператори ишлайди.

Шунинг учун одамларга биз улар ҳақида тайёрлайдиган видеони қаерда кўришлари мумкинлиги ҳақидаги саволга тузук жавоб ҳам бера олмадик.

Лекин лангарликлар бу ерда ҳам интернет ишлашини, дунёдан хабардор бўлиб туришни хоҳлайди.

Одатий маҳаллаларга ўхшамайдиган Лангарда, эҳтимол, яна заводлар фаолиятини тиклаш, туристик манзил ташкил қилиш имкониятлари мавжуддир. Буларни мутахассисларга қолдирамиз.

Сизга эса, агар саёҳатга қизиқсангиз, албатта Лангарни бир кўришни тавсия қилардик.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов

Kun.uz'нинг “Қишлоқда бир кун” рукнидаги бошқа материалари билан ушбу ҳаволада танишинг.

Мавзуга оид