Ўзбекистон | 07:48 / 30.07.2021
13014
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга АҚШдан 3 млн доза Moderna вакцинаси келтирилди

Вакциналар АҚШ томонидан Ўзбекистонга беғараз кўмак тариқасида юборилган. «Moderna» вакцинасининг коронавирусга қарши самарадорлиги 94 фоиз деган хулосага келинган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистонга коронавирусга қарши 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси олиб келинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вакцина АҚШ томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури доирасида ажратилган бўлиб, айни шу сонияларда махсус ҳаво қатнови воситасида АҚШнинг Алабама штатидан республикага етказиб берилди.

«Moderna» компаниясининг коронавирусга қарши қўлланиладиган 3 миллион 60 доза вакцинасини Ўзбекистон учун АҚШ беғараз кўмак тариқасида ажратди. Moderna Қўшма Штатларда қўлланилаётган 3 та вакцинадан биттаси ҳисобланади. Шунингдек, АҚШ Касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш бўйича маркази (CDC) маълумотига кўра, «Moderna» компаниясининг вакцинаси 94 фоиздан зиёд самарадорликка эга бўлгани ҳолда COVID-19 вируси юқишини бартараф этади. 

Aмериканинг «Moderna» вакцинаси ЖССТ томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун тасдиқланган («Pfizer», «Johnson & Johnson» компанияларининг вакциналари, шунингдек, «AstraZeneca» компаниясининг икки турдаги препаратидан сўнг) бешинчи вакцина ҳисобланади. ЖССТ экспертлар гуруҳи вакцинанинг вирусга қарши 94,1 фоиз самарадор эканини таъкидлаб, уни 18 ёшдан катта бўлган барча аҳоли гуруҳлари учун тавсия қилган.

ЖССТ маълумотига кўра, вакцина кўп дозали флаконда –25 даражадан –15 даражагача бўлган музлатилган суспензия сифатида етказилса-да, флаконларни биринчи дозани олишдан олдин 30 кунгача 2–8 даража ҳароратда совитгичда сақлаш мумкин. Бу дегани препаратни жойларга етказиш учун совуқлик занжирини таъминловчи ускуналар бўлиши ҳар доим ҳам шарт эмас. Уни оддий совиткичда ҳам сақласа бўлади. Мазкур вакцина тери остига юборилади, эмлаш 28 кунлик интервал билан икки дозадан иборат.

Жорий йилнинг март ойида COVAX дастурига асосан 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси келтирилган эди.  Шундай қилиб, жами вакцина захираси 12 миллион 580 минг 60 дозани ташкил қилмоқда.

Улардан: 

  • 370 минг дозаси "Спутник V", 
  • 710 минг дозаси AstraZeneca, 
  • 8,5 миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001,
  • 3 миллион 60 дозаси Moderna вакцинаси.

Ҳозирда республикада (28 июль ҳолатига кўра) коронавирус инфекциясига қарши жами 6 982 431 доза вакцинадан фойдаланилди, 1 149 687 нафар фуқаро тўлиқ эмланди.

Мавзуга оид